Суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини  янада такомиллаштириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида  белгиланган. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси очилгани бу борадаги муҳим ва салмоқли қадам бўлди.

3 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Янги Ўзбекистонда малакали судьялар корпусини шакллантириш: ислоҳотлар самарадорлиги ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияда шу ҳақда сўз юритилди. Анжуман  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Одил судлов академияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, UNESCO, UNICEF, шунингдек, Халқаро юристлар комиссиясининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро конференцияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”, деган фикрларини эслатди. Бинобарин, инсоният адолатли ҳаёт тарзига, умр йўлларида ҳақиқат қарор топишига ҳамиша ташна. Суд-ҳуқуқ тизими эса жамиятда қонун устуворлиги, ҳақиқат барқарорлиги ва адолат барҳаётлиги учун масъулдир.

А.Саидов, шунингдек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш нуқтаи назаридан, судлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, суд тизими ходимларининг малакасини ошириш борасида бир қатор муҳим қадамлар қўйилганини қайд этди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида суд тизими фаолиятини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таниқли ҳуқуқшунос таъкидлаганидек, Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги қамровдор, тизимли ва изчил ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида шундай қатъий қарорга келгани, яъни Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академиясини ташкил қилишга жазм этгани бежиз эмас. Чунки кучли судлар ҳамда том маънода билимли, маънавиятли ва одил судьяларгина фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли таянчига – “Адолат қўрғони”га айланади.

Конференцияда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича миллий тажриба ва халқаро мезонлар атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, мамлакатимизда бу борада амалга оширилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Испания, Болгария ва Россия каби давлатларнинг айни соҳадаги тажрибалари билан яқиндан танишилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech