Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, шахснинг тасвирини суратга олиш ва фойдаланиш учун мажбурий равишда розилигини олиш талаби жорий этилади. Шунингдек, болалар ҳам ўз тасвири бўйича мустақил ҳуқуқ субъекти ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Ҳужжатда, шунингдек, қайси ҳолларда шахснинг розилигисиз тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда видеокузатув амалга оширилаётганда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш бўйича талаблар аниқ белгилаб берилган.
Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишга тайёрланиши жараёнида турлича ёндашувларни олдини олиш ва қонун нормаларини аниқ ҳамда бир хил тарзда қўллашни таъминлаш мақсадида бир қатор ўзгартишлар киритилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабарида қайд этилишича, 16 ёшга тўлмаган болаларни тасвирга олиш ёки уларнинг тасвиридан фойдаланишда розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-она ўрнини босувчи шахс томонидан берилиши шарт экани белгиланди.
Шу билан бирга, жамоат жойларига видеокузатув тизимлари ўрнатилганда, бу ҳақда кўриниб турадиган ва осон тушунилган ҳолдаги огоҳлантирувчи белги жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади.
Бундан ташқари, видеокамераларни ўрнатиш тақиқланган жойлар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Бу ўринда, жумладан, кийим алмаштириш хоналари ва ҳожатхоналарда видеокамералар ўрнатиш мумкин эмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.10.2025
- Кўришлар: 50
- Чоп этиш