Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур – амалда

Мамлакатимизда Хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур изчиллик билан бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Миллий дастурни 2024–2025 йилларда амалга оширишга қаратилган Комплекс чора-тадбирлар дастурининг 18-бандида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш вазифаси белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан танлов асосида белгиланган турли ҳудудлар ва маҳаллаларда, хусусан, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятларида мониторинг тадбирлари амалга оширилди.

8 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида мазкур мониторинг натижалари асосида қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш юзасидан ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда мониторинг жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ҳудудларда хотин-қизларга берилган кенг ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳолатини яхшилаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, аёлларнинг ижтимоий, меҳнат ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини эркин рўёбга чиқариш, шунингдек, уларни ҳар қандай камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш белгиланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech