МОСКВАДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

2025 йил 23 октябрь куни Москва шаҳрида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ташкил қилинган "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари: Омбудсманларнинг илғор тажрибалари алмашинуви" мавзусида IX Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда 60 дан ортиқ давлатнинг омбудсманлари, халқаро ташкилотлар, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари вакиллари қатнашди.

Конференциянинг очилиш қисмида Россия Федерацияси Президенти В. В. Путин, Федерация Кенгаши раиси В. И. Матвиенко, Давлат Думаси раиси В. В. Володин, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири С. В. Лавров, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Президенти М. Споляровичнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.

Россия омбудсмани Т. Москалькова халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятига стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, рақамли қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификация қилиш, аҳоли учун рақамли жамиятда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари бўйича махсус маърифий лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратишни таклиф қилди.

Конференцияда иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ўз нутқида сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири ҳақида тўхталди. Шу билан бирга, анжуман иштирокчиларини келгуси йилда ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича  V Самарқанд форумига таклиф этди.

Анжуманда инсон ҳуқуқлари институтлари фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича амалий тажрибалар муҳокама қилинди. Тадбирда таъкидланганидек, рақамлаштириш давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, фуқароларнинг давлат идораларига таклиф ёки шикоят билан мурожаат қилишини соддалаштиради. Рақамли технологияларнинг мақсадли қўлланилиши давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини фаоллаштириб, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.  Аммо шу билан бирга, рақамли тенгсизликнинг ўсиши, шахсий ҳаётга таҳдидлар, шахсий маълумотларнинг хавфсизлиги, шунингдек, одамлар тақдирига таъсир қилувчи қарорлар қабул қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ хавфлар ҳам мавжуд. Конференция иштирокчилари рақамлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун сунъий интеллектни тартибга солиш зарур, деган хулосага келишди.

Қизғин муҳокамаларга бой бўлган ушбу илмий-амалий анжуман инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва давлатлараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech