Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Тараққиёт дастури (ПРООН), ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда “2026-2030 йилларга мўлжалланган БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияни Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси” лойиҳасини ишлаб чиқиш мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Анас Файяд Карман, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идорасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими (OHCHR ROCA) Омер Фишер, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходими Беҳзодбек Абдуҳакимовб, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари Ойбек Исаков кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида белгиланган қоидаларнинг ҳаётда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг (2022 йил 19 декабрдаги 2777–IV/KQ-442–IV-son) қўшма қарори билан 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланганлиги таъкидланди.

Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенцияси қоидаларини тўлақонли татбиқ этишга қаратилган Миллий Ҳаракатлар Режасининг янги лойиҳасини кенг жамоатчилик, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзлари ва уларнинг жамоат ташкилотлари иштирокида муҳокама қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалий таклифлар билан бойитишдан иборат бўлди.

Семинарда давлат органлари ходимлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган тадбирнинг учинчи бор муваффақиятли ташкил этилаётгани мамлакатимизнинг ижтимоий сиёсатида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу давомийлик ва изчиллик тамойилларига қатъий амал қилиниши Ўзбекистонда инклюзив жамият қуриш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятларни яратиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш борасидаги давлат сиёсатининг қатъий ва ўзгармас эканлигидан далолат беради.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Миллий Ҳаракатлар Режасининг лойиҳасидаги қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратдилар:

1. Ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш: Мавжуд қонунчиликни БМТ Конвенцияси талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш ва камситиш ҳолатларини бартараф этиш.

2. Инклюзивликни таъминлаш: Инфратузилма, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари ва хизматлардан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг фойдаланиши учун шароитларни яратиш.

3. Таълим ва бандлик: Инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, касбий таълим ва ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш механизмларини кучайтириш.

4. Реабилитация ва абилитация: Ногиронликни эрта аниқлаш, ижтимоий реабилитация ва абилитация тизимини замонавий стандартлар асосида такомиллаштириш.

5. Жамоатчилик онгини ошириш: Жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришга қаратилган ахборот-тарғибот ишларини кучайтириш.

Муҳокамалар жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан лойиҳага киритилиши зарур бўлган қатор амалий таклифлар илгари сурилди.

Хусусан, Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар марказини очиш, қонун лойиҳаларини ногиронлиги бўлган шахслар томонидан мажбурий экспертизадан ўтказиш, БМТ Конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилиш каби таклифлар алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида миллий ҳаракатлар режасининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган лойиҳасини тайёрлашда иштирокчилар томонидан билдирилган барча таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олиш юзасидан келишувга эришилди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратишда муҳим қадам бўлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech