Касбий таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этилди
2025 йил 3-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрининг Турин политехника университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг 20 банди – мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиш вазифасини амалга ошириш мақсадида касбий таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинар-тренинг мақсади – Ўзбекистонда меҳнат миграцияси жараёнида иштирок этувчи фуқароларнинг касбий малакасини ошириш, халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган замонавий кўникмаларни шакллантириш ҳамда касбий таълим тизимини мустаҳкамлашга қаратилган.
Тадбирда республиканинг турли ҳудудларидан келган касбий таълим ташкилотлари мутахассислари ва педагог кадрлари иштирок этди. Улар ўқув жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, ишлаб чиқариш амалиётига интеграция масалалари билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими С. Бозоров томонидан “Миграция ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маъруза билан штирок этиб, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳимояси, халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб жиҳатларини ёритиб берди. Шунингдек, иштирокчиларга меҳнат мигрантлари билан ишлашда инсон ҳуқуқлари асосида ёндашувни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва янги ўқув модулларини жойларда татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Мазкур ташаббус Ўзбекистонда касбий таълим тизими сифатига ижобий таъсир кўрсатиш, ёшлар ва меҳнат муҳожирлари бандлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский