Ҳурматли иштирокчилар!

“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” мавзусидаги миллий танловга аризалар қабул қилиш жараёни ўз ниҳоясига етди. Танлов давомида 5 та номинация бўйича мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан иштирокчилар ўз ижодий ишлари, лойиҳалари ва ташаббусларини тақдим этди. Сизнинг фаоллигингиз, изланишингиз ҳамда инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборингиз учун самимий миннатдорлик билдирамиз.

 

 Муҳим маълумот:

Низом талабларига кўра, бирор номинация бўйича 3 тадан кам ариза келиб тушган тақдирда, ушбу номинация доирасида танлов ўтказилмайди. Шу боис “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши дарслик” номинациясида 2 та ариза келиб тушганлиги сабабли танлов ўтказилмади.

Ҳозирда, Ҳакамлар ҳайъати бошқа номинациялар бўйича келиб тушган материалларни кўриб чиқмоқда. Натижалар бўйича қўшимча маълумот берилади ҳамда ғолиб деб топилган иштирокчиларга алоҳида тартибда хабардор қилинади.

 

“Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши билимдон” номинацияси бўйича танлов  2-босқичда ўтказилади:

 

1-босқич: Викторина шаклида:

-  иштирокчилар инсон ҳуқуқларига оид 25 та тест саволларига жавоб беришлари лозим.

- тестларнинг барчасига тўғри жавоб берган 15 нафар иштирокчи (агар ғолиблар 15 нафардан ортиқ бўлган тақдирда, тасодифий рақамлар генератори (рандомайзер) асосида аниқланади) 2-босқичга тавсия қилинади.

1-босқич санаси: 25 ноябрь, соат 10:00 — 15:00 га қадар

 

2-босқич: Суҳбат шаклида:

-  иштирокчиларга ҳакамлар ҳайъати томонидан билетлар тақдим қилинади. Ҳар бир билетда 3 тадан савол мавжуд;

-   саволлар инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига оид мавзулардан шакллантирилади;

-  ҳар бир жавоб 10 баллик тизимда баҳоланади;

-  айёрланиш учун 5 дақиқа вақт берилади;

2-босқич санаси: 27 ноябрь 15:00 да Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ биносида (Тошкент шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 15.)

 

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, энг юқори балл тўплаган 3 нафар иштирокчи ғолиб деб эътироф этилади. Ғолиблар қимматбаҳо (телевизор, планшет, телефон) совғалар ва махсус диплом билан мукофотланади.

Эслатма: Танловда фақат “битта аккаунт” орқали иштирок этиш мумкин. Турли аккаунтлардан кириб қатнашиш ҳолати аниқланган тақдирда, иштирокчи натижасидан қатъи назар танловдан четлаштирилади.

Танлов ғолиблари декабрь ойида “Инсон ҳуқуқлари ўн кунлиги” доирасида ташкил этиладиган тадбирда тантанали равишда тақдирланади.

Яна бир бор барчангизга фаол иштирокингиз учун ташаккур!

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech