Инсон-жамият-давлат

Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Яратилаётган бошқа қонунлар конституциявий меъёрларга асосланади, меъёрий ҳужжатлар ҳам шу асосда ишлаб чиқилади. Бош қомусимизда жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиши ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар берилганлиги билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир. Унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгу шуурида Ватанга садоқат, қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган учрашув, давра суҳбати, очиқ мулоқот ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар юксак самаралар бермоқда. Конституциямиз миллатидан қатъи назар барча ўзбек халқи, фуқаросининг бутун бир имконияти ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган бўлиб, ҳали узоқ йиллар давомида янги Ўзбекистоннинг бахтли ва келажаги буюк авлодлари учун ҳам муносиб хизмат қилади.

Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги конституциявий ўзгаришлар мазмун-моҳиятини мухтасар таҳлил этадиган бўлсак, мазкур жараёнда халқнинг кенг иштироки - конституциявий ислоҳотларнинг биринчи ўзига хос хусусияти ҳисобланади.

 Конституциявий қонун лойиҳаси Янги Ўзбекистонни қуриш, мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш лозим, Конституциямиздаги моддалар 128 тадан 155 тага кўпайди ва унга турли йўналишларда ўзгартиришлар киритилиб, инсон эрки, қадр-қиммати асос қилиб олинди. Чунки, инсон эркин бўлиб, бу дунёга келар экан, демак эркин яшаши лозим. Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати бўлиши, давлат ва жамият эса бунга шароит яратиб бериши керак.

Янгиланган Конституцияда айбсизлик презумцияси, уй-жой дахлсизлиги, қонунда чекланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиш эркинлиги, ишсизликдан ҳимояланиш каби нормалар киритилди.

Янгиланган Конституциямизда халқимизнинг 60%дан ортиғини ташкил қилувчи ёшларга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлашимиз зарур. Ёшларнинг таълим олиши, уй-жойли бўлиши, тиббий ва ижтимоий ҳимояси, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани белгиланган. Қувонарлиси, Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилган.

Мазкур бобда давлатнинг мажбурияти сифатида ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар яратиш бўлса, ота-оналарнинг мажбурияти сифатида эса фарзандлари вояга етгунига қадар нафақат боқиш,  тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом ва ҳар томонлама камол топиши учун ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бу эса ўз навбатида ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун имконият  яратилди.

Бундан ташқари, мазкур конституциявий қонун инсон ҳуқуқ, эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланган. Инсон ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун муносиб, етарли бўлиши кераклилиги қайд этилган. Албатта, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширилишида масъулиятини шакллантиради.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, болалар, ёшлар ҳуқуқларига оид масалаларга бағишланган кафолатларнинг кучайтирилганлиги ҳам давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини оширишда замин яратади.

Давлат ҳокимиятини ташкил этиш асослари, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашди. Давлат ҳокимиятининг олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат кучайтирилди.

Халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, халқаро, хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда тайёрланган Конституциямиз халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши табиий.

 

Севара Ишмуратова

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази

Умумий бўлим бошлиғи

«ЖАМИЯТ» газетасининг 2025 йил 4 декабрь кунги 49 (967)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech