Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги мустаҳкам
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ҳамда қатор манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми ўтказилди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.
Форум аввалида 2024 йилда ўтказилган Миллий форум якуний ҳужжати натижаларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, форум иштирокчилари томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш, давлат субсдиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформани тўлиқ ишга тушириш бўйича таклифлар илгари сурилган эди. Натижада жорий йил 21 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, давлат органларига жамоатчилик назорати натижалари бўйича хулосаларни кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтларига давлат буюртмалари бериш ҳамда ташаббусли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди.
Қолаверса, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона электрон платформа тўлиқ ишга туширилиб, жорий йилнинг ўзида тўртта грант танловлари ўтказилди.
Форум ялпи мажлисида сўз олганлар бу ўзгаришлар давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, ННТларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, форумда мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўналишида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли ва изчил характер касб этаётгани қайд этилди. Жумладан, 2020–2025 йиллар давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг ижроси юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистоннинг еттита миллий маърузаси тақдим этилди. Уларнинг тавсияларини амалга ошириш мақсадида еттита Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинган ва изчил ижро этилмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда мамлакат вакили илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолигига сайланди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ёшлар ва болалар ҳуқуқларига оид бешта муҳим резолюцияни қабул қилди.
Қолаверса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётига жорий этиш юзасидан ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Нельсон Мандела қоидалари” миллий қонунчиликка татбиқ этилди ва БМТ тавсияларига асосан “Омбудсман плюс” моделида миллий превентив механизм такомиллаштирилмоқда.
Форумда миллий экспертлар ҳамда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давомийлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасида давлат органлари ва ННТларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш ҳамда ривожланиш истиқболларига оид масалалар юзасидан тематик шўъба мажлисларида маърузалар қилинди ва иштирокчилар ўртасида кенг фикр-мулоҳазалар алмашилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский