Коррупцияга қарши курашнинг халқаро стандарти

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни

Коррупция жамият ва давлатга кенг кўламли вайронкор таъсир кўрсатадиган яширин хавф бўлиб, демократия, қонун устуворлиги ва бозор иқтисодиётига улкан зарар етказади, инсон ҳуқуқи бузилишига олиб келади. Коррупция оқибатида аҳолининг фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифати пасайиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига бошқа таҳдидлар кенг тарқалади.

Ушбу зарарли ҳодиса катта-ю кичик барча мамлакатларда мавжуд, аммо ривожланаётган мамлакатларда коррупциянинг хатари ҳалокатлидир. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, заиф қатламига кўпроқ зарар етказадиган ушбу иллат дастлаб тараққиётга йўналтирилган маблағга чанг солади, ҳукуматни эса асосий хизмат кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилади. Паст иқтисодий кўрсаткичнинг асосий сабаби сифатида камбағалликни қисқартириш ва ривожланиш йўлига жиддий тўсиқ қўяди.

Ҳар йили дунё бўйлаб коррупция сабаб тахминан 2,6 триллион доллар ўғирланади. Бу бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан ҳам кўп. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурига кўра, ривожланаётган мамлакатлар коррупция оқибатида расмий ривожланиш дастурлари орқали келадиган ёрдамдан ўн баробар зиёд пул йўқотади.

Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг ушбу соҳадаги “Бош қомуси” – БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси эсга олинади. Мексиканинг Мерида шаҳрида 2003 йил 9 декабрь куни бўлиб ўтган конференцияда 2003 йил 31 октябрда Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат имзолаш учун очиқ, деб эълон қилинди ва бугунги кунга қадар 192 давлат айни жараёнга қўшилган.

Инсонларга коррупция шунчаки “маиший муаммо” эмас, балки қашшоқлик, сиёсий беқарорлик ва жиноятчиликнинг асосий илдизи эканини эслатиш, коррупцияга нисбатан муросасиз кайфиятни шакллантириш, шунингдек давлат идоралари, хусусий сектор вакиллари, нодавлат ташкилотлар ва оддий фуқароларни коррупцияга қарши ягона жабҳага бирлаштириш мақсадида 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь бутун дунёда Жаҳон коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Коррупцияга қарши конвенция қабул қилиниши халқаро ҳамжамият мазкур иллатнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашишга қатъий бел боғлаганини аниқ кўрсатди. Конвенция ҳалоллик, қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, ривожланиш жараёнида ҳисобдорлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда дунёни ҳамма учун янада яхшилашга интилиш каби асосий қадриятлар аҳамиятини тасдиқлайди.

Ҳужжат мамлакатлар коррупцияга қарши миллий қонунчиликни такомиллаштириш учун фойдаланиши мумкин бўлган стандарт, чора ва кўрсатмаларнинг кенг қамровли тўпламини таклиф этади.

Аввало, Конвенция муаммога қарши курашнинг тўрт мустаҳкам устунини белгилайди. Биринчи ва энг муҳим жиҳат – коррупциянинг олдини олиш. Иштирокчи давлатлардан жамиятда коррупцияга қарши мустаҳкам “иммунитет” ҳосил қилиш талаб этилади. Бу давлат хизматига муносиб кадрлар танлаш, одоб-ахлоқ қоидасига риоя қилиш, давлат хариди ва бюджет маблағи мақсадли ишлатилишини назорат қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштиришнинг олдини олиш, давлат идораларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги каби чора-тадбирлар амалга оширилишини тақозо этади.

Шу билан бирга Конвенция “жазо муқаррарлиги” тамойилини ҳам илгари суради. Яъни, нафақат оддий порахўрлик ёки ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш, балки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, хизмат мавқеидан ғаразли мақсадда фойдаланиш, ноқонуний тарзда бойлик орттириш ва жиноий даромадни ўзлаштириш каби қилмишлар ҳам қатъий жиноий таъқиб остига олиниши шарт.

Айниқса, 20-моддада кўрсатилган “Ноқонуний бойлик орттириш” концепцияси мансабдор шахснинг активи унинг расмий даромадидан кескин ошиб кетиши ҳолатини жиноят сифатида баҳолашга чақирувчи инқилобий ғоя ҳисобланади. Ҳозирча миллий қонунчиликда жиноят ҳисобланмайдиган бундай ҳаракат келгусида жиноий таъқиб остига олиниши эҳтимоли мавжуд.

Конвенциянинг яна бир стратегик мақсади – коррупционерлар учун дунё харитасида “хавфсиз бошпана” қолдирмаслик. Илгари халқ мулкини ўғирлаб, хорижга қочиб кетганлар жазодан қутулиб қолиши мумкин эди. Энди эса давлатлар ўртасида экстрадиция ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли очилган.

Энг муҳими, Конвенция билан тарихда илк бор ўғирланган активни қайтариш механизми жорий этилди. Демак, коррупция йўли билан топилган ва чет элга олиб чиқиб кетилган бойлик мусодара қилиниб, қонуний эгаси – ўша мамлакат халқи тараққиёти учун қайтарилиши кафолатланган.

Мазкур ҳужжат коррупцияни маҳаллий муаммодан трансмиллий хавфсизлик масаласига айлантирди ва иштирокчи давлатлардан фақат жиноятчини жазолаш эмас, балки коррупциядан холи адолатли тизим яратишни талаб қилмоқда. Бинобарин, Конвенция иштирокчиси сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни таъқиб қилиш, давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитни бартараф этиш, шунингдек давлат хизматини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттириляпти. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида муносабатда бўлиш йўлга қўйилди.

Хусусан, авваллари талаб қилинган 120 турдаги ҳужжат, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Электрон давлат хизмати сони 15 карра ортиб, 721 турга етди. Хизматдан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. Ушбу чоралар юртимизда маиший коррупция даражаси сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлди.

Илгари коррупцияга қарши кураш турли идоралар ўртасида тарқоқ ҳолда амалга оширииб келинган. Бинобарин, 2020 йил Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва айни йўналишда фаолият олиб борувчи ва ушбу жараёнда иштирок этувчи идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ташкил этилиши мамлакатимиз мазкур иллатга қарши ўта муросасиз эканини кўрсатувчи сиёсий ирода намунасидир.

Қолаверса, “Давлат хариди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши билан шу жабҳада коррупциянинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат хариди махсус ахборот порталида товар (иш, хизмат) нархининг жамоатчилик учун шаффофлиги таъминланди, давлат идора ва ташкилотларида очиқликка эришиш бўйича масофавий мониторинг тартиби, давлат харидида Ягона етказиб берувчи реестрига киритиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ташаббуслар давлат харидида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

2024 йил “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, бу борада тегишли ҳуқуқий асос яратилди. Қонун билан давлат идораси ёки бошқа ташкилот ходими фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чеклов, айни жараён билан боғлиқ муносабатни давлат томонидан тартибга солиш, шу тўғридаги ахборотни ошкор этиш ва бундай ҳолатни аниқлашга доир чоралар белгиланди.

Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилот рейтинги натижаси ҳам юртимизда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатмоқда.

Ижобий ишлар билан бир қаторда ҳали соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имконият, эътибор қаратилиши лозим масалалар бисёр. Шундай экан, келгусида асосий эътиборни шакллантирилган муайян қонунчилик базасининг сўзсиз ижросини таъминлаш, жазо муқаррарлиги тамойилини тўлиқ қарор топтиришга қаратиш лозим.

Мухтасар айтганда, фақат мавжуд ҳуқуқий механизмни тўлиқ ишга солиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқалигина коррупцияни жиловлашда кўзланган натижага эриша оламиз. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина тараққиёт ва барқарорлик кафолатланади.

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош юрисконсульти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech