Ўзбекистон делегацияси Иберо-Америка тармоғи фаолияти билан танишди
16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Испанияга амалий ташрифи давомида Ибер Ред (IberRed) халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик тармоғининг олий органи бўлган Иберо-Америка мамлакатлари адлия вазирлари конференциясининг (COMJIB) Испаниядаги вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда IberRed тармоғининг Испаниядаги бўлинмаси бошлиғи Хосе Рамон ушбу тузилманинг фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тақдимот ўтказди. IberRed Иберо-Америка мамлакатлари ўртасида фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган муҳим платформа экани таъкидланди.
Ўз навбатида, мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли суд-ҳуқуқ янгиланишлари, хусусан, конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг кучайтирилгани, суд-ҳуқуқ тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишларни алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилди.
Томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини кенг муҳокама қилдилар. Хусусан, ҳуқуқий соҳада тажриба алмашиш, ўқув-семинарлар ташкил этиш, халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашув конструктив ва ижобий руҳда ўтди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Ибер Ред ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожига, шунингдек, халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига муҳим ҳисса қўшади.
Маълумот учун: Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликнинг Иберо-Америка тармоғи (IberRed) адлия вазирликлари, прокуратуралар ва суд органларининг марказий органлари ва алоқа пунктларини, шунингдек, Иберо-Америка миллатлар ҳамжамиятига кирувчи 22 мамлакатнинг шунга ўхшаш муассасаларини ва Пуэрто-Рико Олий судини бирлаштирган тузилмадир. Унинг асосий мақсади – фуқаролик ва жиноий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини оптималлаштириш ҳамда марказий органлар ва алоқа пунктлари ўртасидаги расмий ва норасмий ўзаро алоқалар орқали аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский