Тошкент шаҳар “SHAROIT PLYUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди

Жорий йилнинг 10 декабрь куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда ушбу соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фаоллар ва ташкилотлар орасида НЖБ «SHAROIT PLUS» ҳам тақдирланди.

Биз учун қувонарлиси, Тошкент шаҳар “SHAROIT PLUS” ногиронлар жамоат бирлашмамиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлардаги самарали фаолияти учун юксак мукофот — “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Мукофотни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Саидов Акмал Холматович тантанали равишда топширди. Тадбирда БМТ Тараққиёт дастури, ЭХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиб, инсон ҳуқуқлари йўлидаги ҳамкорликни эътироф этдилар.

Ушбу юксак эътироф “SHAROIT PLYUS” жамоаси учун нафақат фахр, балки келажакдаги фаолиятимиз учун янада кучлироқ мотивация манбаи бўлди. Биз ушбу мукофотни ташкилотимизнинг ҳар бир аъзоси, кўнгиллилари ва ҳамкорларининг меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламиз. Бу кўкрак нишони бизга билдирилган ишонч рамзи бўлиб, зимамизга янада катта масъулият юклайди.

“SHAROIT PLYUS” НЖБ ўз олдига қўйган эзгу мақсадларидан оғишмайди. Биз ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун жамиятда тенг имкониятлар яратиш ва инклюзив муҳитни ривожлантириш борасидаги ишларимизни янада шижоат билан давом эттирамиз. Бундай мақсад ва вазифаларимизни амалга ошириш учун HuquqPlus.uz — Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус ҳуқуқий ахборот веб-порталимизни ривожлантирамиз.

Бизни қўллаб-қувватлаган барча ҳамкорларимизга ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Маълумот учун: “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 685-сонли Қарори билан тасдиқланган «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга асосан, ҳар йили инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳани ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилот вакиллари тақдирланади.

Фото: «ШАРОИТ PLYUS» НЖБ ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати

"SHAROIT PLYUS" ННТ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech