Инсон ҳуқуқлари уйида янги китоблар тақдимоти

25 февраль куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Эй, Ой!” номли сайланма ва “О, Луна!” шеърлар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганининг  30 йиллиги ва  27 февраль – Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари кунига бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, даставвал, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини оширишдан иборат эканлиги ҳамда юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланганлиги таъкидланди.

Қарорга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилмоқда, чунки китоб мутолаасида гап кўп. Шарқда ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданият ва маърифатни юксалтириш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйи муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Хусусан, биргина 2025 йилда Инсон ҳуқуқлари уйи томонидан 2 минг 968 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт кутубхоналар, турли идора ва ташкилотларга беғараз тақдим этилди. Турли мавзуларда 30 тадан ортиқ тадбир, жумладан янги китоблар тақдимотлари  ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими – шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб “Эй, Ой!” ва “О, Луна!” шеърий китобларининг тақдимоти Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилгани бежиз эмас. Миллий марказ ўзининг қарийб 30 йиллик фаолияти давомида давлат органлари ва халқаро ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Китоблар тақдимотининг 27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари кунига бағишланганида ўзига хос рамзий маъно бор. Дунё бўйлаб ҳар йили кенг нишонланадиган ушбу сана сайёрамиздаги жамиятлар манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган барча миллий, минтақавий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мамлакатимизда илк бор фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга оид нормалар киритилган. Президентимизнинг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам бу борада аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилгани Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларига улкан ишонч билан ёндашилаётганини амалда тасдиқлайди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Миллий марказ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши фаол ишламоқда. Зеро, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари – кенг жамоатчилик вакиллари айни жараёнларга жалб қилингандагина кутилган самараларини беради.

Тақдимотда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси Талъат Мурадов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  аъзоси, “Эй, Ой!” сайланма китобининг масъул муҳаррири, шоир Шоди Отамурод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  аъзоси, “О, Луна!” шеърий китобининг таржимони, шоир ва таржимон Рифат Гумеров сўзга чиқди. Янги китоблар юртдошларимизнинг китобхонлик, китобсеварлик ва китобпарварлик фазилатларини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 Тадбир якунида Миллий марказ директори А.Саидов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 40 та ва Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасига 60 дан ортиқ  китоб ҳамда тегишли сертификатларни топширди. Миллий марказ томонидан Рамазон ойида беғараз тақдим этилган ушбу маърифий туҳфалар адабий-бадиий китоблар туркуми, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва Хитой маданиятига оид адабиётлар жамланмасидан иборат.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech