Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2026 йил  3 мартда “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия таркиби тасдиқланди.

Маълумки, БМТ томонидан 2025–2029 йиллар Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини  амалга ошириш даври сифатида эълон қилинди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2024 йил 9 октябрда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида жаҳон таълим дастури: бешинчи босқич учун ҳаракатлар режаси” бўйича 57/10-сонли резолюциясини қабул қилди.

Шу муносабат билан мамлакатимизда 2025 йил давомида давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари мунтазам ташкил этилди. Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилгани билан долзарб ва муҳимдир.

Қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 24 та банддан иборат. Унда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятни шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга оид таъсирчан чор-тадбирлар белгиланган.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва рақамли технологиялар, гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратиш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари тўғрисидаги хабардорликни ошириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш каби долзарб мақсадларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия таркибига инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институти вакиллари киритилган.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech