Бюджет харажатларининг ҳуқуқий таҳлили

Бюджет сиёсатига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш мавзусидаги уч кунлик семинарнинг иккинчи куни доирасида асосий эътибор бюджет харажатларини иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар нуқтаи назаридан таҳлил қилиш методологияларини амалиётда қўллашга қаратилди.

Сессия аввалги куннинг асосий хулосаларини кўриб чиқиш билан бошланиб, бюджет харажатларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳолаш воситаларини чуқур ўрганиш билан давом этди. Соғлиқни сақлаш, таълим олиш ва етарли даражада уй-жойга эга бўлиш каби устувор ҳуқуқлар кесимида бюджет ажратмаларини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси эксперти Игорь Гришко бюджет сиёсати давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қай даражада мос келишини баҳолаш имконини берувчи замонавий ёндашувлар ва услубиётларни тақдим этди. Булар қаторида ресурсларни тақсимлашнинг етарлилик, самарадорлик ва камситмаслик мезонлари ҳам бор.

Куннинг амалий қисми иштирокчиларнинг гуруҳларда ишлашини ўз ичига олди ва бу жараёнда бюджет харажатларига оид реал мисоллар кўриб чиқилди. Иштирокчилар тақдим этилган воситалар ёрдамида таҳлил ўтказдилар, бу эса бюджет сиёсатини инсон ҳуқуқлари призмаси орқали баҳолаш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилди.

Куннинг иккинчи ярмида соғлом атроф-муҳит ҳуқуқи контекстида бюджетлаштириш таҳлилига эътибор қаратилди. Тегишли услубий ёндашувлар кўриб чиқилиб, бюджет қарорларининг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолашга қаратилган амалий машғулотлар ўтказилди.

Муҳокамалар якунида бюджетни режалаштириш ва ижро этиш жараёнларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ёндашувларини интеграция қилишнинг аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, шаффофлик ва фуқаролар иштирокини таъминлайдиган институционал механизмларни, жумладан, “Ташаббусли бюджет” каби воситаларни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech