Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар

8 апрель куни Инсон ҳуқуқлари уйида "Tashkent International University" халқаро университети талабалари учун шу мавзуда сайёр маъруза ўтказилди. Машғулот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мазкур Университет билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бунда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросига қаратилди. Бинобарин, ушбу Фармонда белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, юридик таълим, илм-фан ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлашдир.

Сайёр дарс аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида самарали фаолият олиб бораётганига урғу берилди.

Юриспруденция факультети талабаларини Миллий марказ фаолияти билан яқиндан таништириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида айнан шундай давра суҳбатлари, сайёр дарс машғулотлари юртимиздаги олий ўқув юртлари билан доимий равишда ташкил этиб келинаётгани таъкидланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 56-моддасига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.

Гап шундаки, ушбу нормалар мисолида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилди ва бу бежиз эмас. Чунки фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки тегишли судлар орқали эмас, балки инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар кўмагида ҳам амалга оширилади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани), Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради. Уларнинг фаолияти инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган ҳамда доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Машғулот давомида, шунингдек, Миллий марказ масъул ходимлари Ҳ.Мўминов  ва О. Аҳмадов Миллий марказ бўлимларини ҳамда Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти, бу ерда ташкил этилаётган тадбирларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ахборот тақдим этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech