“Хитой – Марказий Осиё” форуми иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар
14 май куни Тошкент шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми иш бошлайди. Пойтахтимизга етиб келган хорижий иштирокчилар, жумладан, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси делегациялари вакиллари Форум арафасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур марказидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган ушбу муаззам маскан Ўзбекистоннинг бой маърифий салоҳияти, тарихи, илмий-маънавий, маданий меросини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.
Меҳмонлар шонли тарихимиз ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлган ушбу масканда бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий интилишлари билан боғлайдиган жараёнлар билан танишдилар. Хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими бўлган Сўғд зали, “Бағрикенглик” майдонини томоша қилдилар.
Форум иштирокчиларига Марказнинг илмий-маърифий йўналиши, экспозицияси ва тарихи ҳақида маълумот берилди. Делегациялар аъзолари ислом маданияти билан бирга илм-фан, таълим, илоҳиёт, Бақтрия ва Хоразм цивилизацияси, Буюк Ипак йўли ҳамда Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар билан ҳам танишдилар.
Замонавий технологиялар орқали бой маънавий ва тарихий меросни намоён этувчи ушбу ноёб маскан хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский