Шаҳрисабзда “Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот маркази” очилди
26 май куни Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳузурида Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади. Институт ректори Машъал Саидов шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимни очар экан, янги илмий-тадқиқот маркази ёш авлодни миллий маънавият, адабиёт, илм-фан ва тафаккур анъаналари руҳида тарбиялаш, буюк сиймолар меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилишдек эзгу ҳамда юксак мақсадларга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Сенати аъзоси профессор Абдураҳим Эркаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг раиси профессор Шарофиддин Назаров ва бошқалар сўзга чиқди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, янги илмий-тадқиқот маркази айнан Темурийлар Ренессансига асос солган улуғ Соҳибқирон бобомиз туғилиб-ўсган қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳрида очилганида ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг бемисл адабий-бадиий мероси ва дунё миқёсида машҳур иқтисодчи олим академик Қаландар Абдураҳмоновнинг узоқ йиллик илмий-амалий хизматлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ишига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Тадбирда Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Илмий-тадқиқот маркази, хусусан, Абдулла Ориповнинг бой адабий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш; академик Қаландар Абдураҳмоновнинг илмий фаолияти ва иқтисодий тафаккур мактабини тадқиқ этиш; талаба-ёшларни илмий изланиш ва маънавий-маърифий фаолиятга жалб қилиш; миллий ва халқаро миқёсдаги илмий ҳамкорликни ривожлантириш; илм-фан, маънавият ва таълим интеграциясини кучайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский