Бухоро ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётлар топширилди
23 июнь куни Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётларни тантанали топшириш маросими бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу маърифий тадбирда вилоят ахборот-кутубхона маркази жамоаси, китобхонлар, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев кутубхонада ташкил этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар бурчаги фаолияти билан яқиндан танишди. У инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ёш авлодни демократик қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда бундай маърифий ташаббусларнинг муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Кутубхона фондига топширилган янги нашрларда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, бола ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ислоҳотлар ҳамда инсон манфаатларини таъминлашга оид қатор долзарб масалалар қамраб олинган.
Мазкур адабиётлар нафақат китобхонлар, балки илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар учун ҳам муҳим илмий-манбавий асос бўлиб хизмат қилади. Хусусан, бухоролик тадқиқотчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг сўнгги илмий янгиликлардан хабардор бўлиши, илмий изланишларини янада такомиллаштириши ва амалий фаолиятида самарали фойдаланиши учун қулай имконият яратади.
Янги китоб ва журналлар тўплами вилоят ахборот-кутубхона марказидаги “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги фондини янада бойитди. Бинобарин, ушбу маърифий бурчак айнан Миллий марказ ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда китобхонлар учун муҳим ахборот ва маърифат масканига айланган.
Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ҳосимжон Қосимов тақдим этилган қимматли адабиётлар учун самимий миннатдорлик билдириб, ўзи раҳбарлик қилаётган муассаса билан Миллий марказ ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик изчил давом этаётганини қайд этди. У келгусида ҳам инсон ҳуқуқларига оид маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва илмий-амалий учрашувларни ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилганидан мамнунлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский