СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ИМКОНИЯТЛАРИНИНГ СИНЕРГЕТИК ТАҲЛИЛИ
2026 йил 14 июль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Синергетика-4: сунъий интеллект” жамоавий монографияси тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир онлайн ва офлайн форматда ташкил этилди.
Китоб тақдимотида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Насиба Холдорова, тақдимоти ўтказилаётган китоб масъул муҳаррири, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори Роиқ Баҳодиров, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Каримов, шунингдек, бир қатор олимлар ва файласуфларнинг маърузалари тингланди.
Тадбирда таъкидланганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси нафақат диний-маърифий йўналишдаги тадқиқотлар, балки илм-фаннинг бошқа кўплаб соҳалари, хусусан, методология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратиб, салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. “Синергетика-4: сунъий интеллект” китоби Марказ олимларининг замонавий умумфалсафий методология – синергетика йўналишидаги илмий изланишлари самарасидир. Китоб саҳифаларидан ўрин олган долзарб илмий тадқиқотларга Самарқанд давлат университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Самарқанд давлат педагогика институти олимлари ҳам муносиб ҳисса қўшишган.
Китоб “Синергетика-4: сунъий интеллект” деб номланган. “Фалсафа асослари” китобида ёзилишича: “Синергетика – оламнинг ўз-ўзини ташкил этиши, макон ва замонда нарса ва воқеаларнинг азалий кетма-кетлиги, ўзаро алоқадорлиги, уларнинг муайян тизимлардан иборат сабабий боғланишлар асосида мавжудлигини эътироф этишга асосланган илмий карашлар мажмуидир”.
Аслида, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида синергетика йўналишида илмий изланишлар олиб борилаётгани беҳикмат эмас. Сабаби, муҳаддислар султони Имом Бухорий бобомизнинг ҳадисларни саралаш, саҳиҳ (ишончли) ва носаҳиҳга (ишончсиз) ажратиш ҳамда таснифлаш методологияси замирида, аслида, тартиб ва тартибсизлик уйғунлиги масаласи мужассам.
Шу ўринда ўзбек олимларининг, хусусан, тақдимоти ўтказилган китоб ҳаммуаллифларининг илгари нашр этилган учта жамоавий монографиясида синергетиканинг таянч тушунчалари батафсил таҳлил қилинганини эътироф этиш жоиз:
-
Биринчи китоб – “Синергетика: моҳияти, қонуниятлари ва амалиётда намоён бўлиши” (2017);
-
Иккинчи китоб – “Синергетика-2: назария ва амалиёт” (2022);
-
Учинчи китоб – “Синергетика-3: маънавий мерос” (2024).
Ушбу жамоавий монографияларда тартиб ва тартибсизлик, хаос ва космоснинг ўзаро диалектик алоқадорлиги синергетик призма орқали тушунтирилган, оламга нисбатан чизиқли ва ночизиқли ёндашувнинг моҳияти очиб берилган.
Олимлар тўртинчи илмий тадқиқотда синергетика методологиясини инсониятнинг келажагини таъминловчи сунъий интеллект феноменига татбиқ этишга ҳаракат қилишган. “Синергетика-4: сунъий интеллект” китобининг мазмун-мундарижаси кенг бўлиб, сунъий интеллект тарихи, Ўзбекистонда сунъий интеллект технологиялари тараққиёти, сунъий интеллектни синергетик тафаккур билан бошқариш, табиий ва сунъий интеллектнинг қиёсий таҳлили каби ниҳоятда долзарб илмий муаммолар қамраб олинган.
Мухтасар айтганда, ушбу жамоавий монографияда сунъий интеллектнинг жамиятга кўрсатадиган таъсири фалсафий жиҳатдан тадқиқ этилган. Зеро, сунъий интеллект имкониятларини синергетик таҳлил қилиш нафақат сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга, балки ҳар бир инсоннинг ва кишилик жамиятининг тафаккурини технологияларга қарамлик хавфидан ҳимоя қилишга ҳам ёрдам беради.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Ўзбекча
English
Русский