Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Одам савдосидан жабрланган инсонларга ғамхўрлик кўрсатишнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 3 август куни “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини имзолади. Ушбу Фармон одам савдосига қарши курашиш, ундан жабр кўрганларни эрта аниқлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатдир.

Фармонга кўра, “Инсон” маркази ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) тизимидаги одам савдосидан жабрланган шахсларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган муассасаларга, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларига одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилмоқда.

Дастлабки идентификация натижасида шахсга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс мақоми 1 ойгача, якуний идентификация қилиш натижасида бериладиган одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми эса кўпи билан 1 йилгача бўлган муддатга берилади.

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан одам савдосидан жабрланган шахсларни якуний идентификация қилиш муддати 10 сутка этиб белгиланади.

2026 йил 1 сентябрдан:

  • Агентликнинг “1146” қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон ҳудудида қабул қилиш, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади;

  • Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида одам савдосидан жабрланганлик ҳолати бўйича мурожаатларни қабул қилиш, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва моддий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатиладиган ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилади;

  • Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ва “Самарқанд” халқаро аэропортида Миграция жамғармаси ҳисобидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган ҳолда Миграция маслаҳат бюролари ташкил этилади.

Фармон билан одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш соҳасига ягона миллий тизим ва институционал ўзгаришлар татбиқ этилади. Бунинг натижасида:

бир томондан, интеграциялашган тизим – жабрланганларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ҳамда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатиш ягона занжир асосида ташкил этилади;

иккинчи томондан, реинтеграция таъминланади, бошқача айтганда, одам савдоси қурбони бўлган шахсларни жамиятга муваффақиятли қайтариш (мослаштириш) давлатнинг диққат марказида бўлади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда одам савдосидан жабрланган шахсларни эрта аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ҳамда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар билан комплекс қамраб олишнинг мутлақо янги тизими жорий этилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 04.08.2026 Ko'rishlar 110
Ulashish