Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда оила ва гендер тенглигининг аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 июлдаги “Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда ўтказиладиган халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши 2-бандида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича III глобал форумни Конференция доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказиш, шунингдек, 2026 йил август ойида “Барқарор ривожланиш ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган.

Мазкур ойлик доирасида пойтахтимизда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

 

Давра суҳбатининг асосий мақсади барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳамда амалий ишлар натижаларини муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва устувор вазифалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбирда таъкидланганидек, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари камбағалликка барҳам бериш, саломатлик ва фаровонликни таъминлаш, сифатли таълим, гендер тенглик, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш каби 17 та глобал мақсадни қамраб олади.

Юртимизда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мазкур мақсадларнинг барчаси қамраб олинган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давра суҳбатида асосий эътибор халқаро гендер индексларида Ўзбекистоннинг ўрни, мазкур йўналишда амалга оширилаётган илмий лойиҳалар ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан киберзўравонликнинг олдини олишнинг ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатлари, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий механизмларни такомиллаштириш масалаларига қаратилди.

Тадбир давомида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилган илмий лойиҳалар, уларнинг натижалари ҳамда мазкур йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Давра суҳбати якунида барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳамда болалар ва хотин-қизларни турли шаклдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Н.Усмонова,

Ф.Абдурасулов (сурат),

ЎзА

Nashr sanasi 14.08.2026 Ko'rishlar 102
Ulashish