Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Миллий марказда Истиқлолимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиздаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ҳамда муассасаларда ўтказилаётгани каби, 27 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам тантанали  байрам тадбири ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари уйида бўлиб ўтган тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов бошқарди. Унда Миллий марказ ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимлари иштирок этди.

Миллий марказ директори жамоани Мустақиллик байрами билан самимий табриклади. А. Саидов ўз қутлов сўзида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг тарихи ва аҳамияти, мамлакатимиз тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш, Ватанимиз обрў-эътиборини жаҳон майдонида изчил юксалтириш йўлида амалга оширилган қамровдор ислоҳотлар самаралари, айниқса, кейинги ўн йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаш жараёнларига астойдил ҳисса қўшаётган фидойи халқимизнинг бунёдкорона меҳнатлари ҳақида мухтасар тўхталди.

Ушбу тизимли ва кенг қамровли янгиланишларда жамоамиз ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган ходимларга миннатдорлик билдирилди.

Маросим давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимларидан бир гуруҳига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди. Нишондорлар сафида, хусусан, Иқболбек Абдумажидов, Робия Арслонова, Суҳроб Бозоров, Муқаддас Қосимова, Ҳамидулло Мўминов, Мадина Нуруллоева, Нигора Рустамова, Лазизбек Холиқулов, Ҳусниддин Холматов ва Назира Юнусовалар бор.

 

Тақдирланганлар ушбу юксак эътирофни келгусидаги фаолиятлари учун янада катта масъулият ва ишонч сифатида қабул қилишлари қайд этилди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда,  «Қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш – ҳар бир инсон учун катта бахт».

Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимларига Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан табрикнома тақдим этилди. Табрикномада, жумладан, шундай самимий тилаклар битилган:

“Истиқлол байрами тантаналари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси билан ҳамоҳангликда ўтказилаётганида улкан тарихий ва ҳаётий ҳақиқат мужассам. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Бугунги кунда барчамиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг бахти, жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдири ва келажаги учун ягона халқ, ягона жамият бўлиб ҳаракат қилаётган эканмиз, юксак мақсадларимизга, албатта, етамиз”.

Энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами муносабати билан Сизга ҳамда оила аъзоларингизга узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва оилавий бахт тилаймиз.

Хонадонингизни қут-барака ва қувонч зиёси ҳамиша мунаввар этсин!

Ҳар доим юртимиз тинч ва обод, халқимиз мамнун ва бахтиёр, мустақиллигимиз мангу ва абадий бўлсин!”

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.08.2026 Ko'rishlar 233
Ulashish