Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тулия Эксон: Ёшлар парламент минбаридан туриб инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликни талаб қилиши керак

Самарқандда бўлиб ўтаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон билан суҳбатлашдик.

– Ёш парламентарийлар глобал конференциясини ўтказишнинг аҳамияти ҳақида қандай фикрдасиз?

– Самарқанддек тарихий ва қадимий шаҳарда Ёш парламентарийлар глобал конференциясини ўтказаётганимиздан жуда мамнунмиз. Парламентлараро иттифоқ жамоаси номидан Ўзбекистон раҳбарияти ва парламентига ушбу муҳим тадбирни юксак савияда ташкил этгани учун миннатдорлигимни билдираман.

Бугун биз инсон ҳуқуқларига нисбатан дунёнинг кўплаб ҳудудларида чекиниш кузатилаётган мураккаб даврда яшамоқдамиз. Дунёда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги энг кўп сонли қуролли можаролар юз бермоқда.

Парламентларда ёшлар овозини кенгайтириш борасида йиллар давомида эришилган тараққиётдан сўнг, бугун яна ортга чекиниш ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ўз-ўзидан барқарор ҳолатга қайтишига умид қилиб ўтиришимиз мумкин эмас. Бу – кўз ўнгимизда содир бўлаётган туб ва улкан ўзгаришдир.

– Бу ўзгаришлар нимаси билан хавфли?

– Бу ўзгаришлар бизни қонун устуворлигига асосланган халқаро тартиб ҳали шаклланмаган даврга – куч ҳақиқатни белгилаган даврга қайтариши мумкин. Бу эса нималарга олиб келиши мумкинлигини биз жуда яхши биламиз. Шу боис барчамиз уйғонишимиз ва ҳаракат қилишимиз вақти келди.

Парламент аъзолари сифатида биз халқ вакилларимиз. Инсон ҳуқуқлари тизими эса айнан биз вакиллик қилаётган инсонларни ҳимоя қилиш учун яратилган.

NRMLXGuQmnNlIhm3H0ottvXKgwlQjdyb_front

– Бундай вазиятда парламентлар қандай позицияда бўлиши керак?

– Бошқалар инсон ҳуқуқларидан чекинаётган бир пайтда парламентлар бундай қилмаслиги керак. Биз бу позицияни қатъий ҳимоя қилишимиз шарт.

Парламентлараро иттифоқда бу борада фаол ҳаракатларни бошламоқдамиз. Шунинг учун ҳам бу йил инсон ҳуқуқларини асосий устувор йўналиш сифатида белгиладик. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида «Инсон ҳуқуқларини диққат марказига олиб чиқайлик» кампаниясини бошладик.

Бу – ҳар бир парламент ва ҳар бир парламентарийга қаратилган чақириқ. Қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва бюджет воситаларидан фойдаланиб, инсон ҳуқуқларини амалда таъминлашимиз керак.

uJzz2isybLUHgwchgZNeJRMeSsVehFca_front

– Бу жараёнда ёш парламентарийларнинг ўрни қандай?

– Ёшларнинг ҳиссасисиз парламентлар инсон ҳуқуқларининг самарали таянчи бўла олмайди. Хавф ва таҳдидлар ўзгариб бормоқда. Ёш авлод эса ушбу ўзгаришларни янада бевосита ҳис қилмоқда. Бу парламентларимиз учун ниҳоятда зарур бўлган ўзига хос нуқтаи назарни шакллантиради.

Ёшлар парламент минбаридан фойдаланиб, инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликни талаб қилиши керак.

– Ёш парламентарийлар олдида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ яна қандай янги вазифалар турибди?

– Бугун инсон ҳуқуқларига таъсир қилаётган масалалар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Иқлим ўзгараётган янги давр аллақачон инсон ҳуқуқларига таъсир кўрсатмоқда. Ёш парламентарийлар авлодлараро адолат тамойилининг етакчилари бўлиши мумкин. Улар қисқа муддатли сиёсий қарорларга қарши чиқиб, исиб бораётган сайёранинг оқибатлари ва харажатларини келажак авлодлар зиммасига юклайдиган қарорларга йўл қўймасликка ҳисса қўшиши керак.

Рақамли технологияларнинг янги даврида эса инсонларни зўравонлик, шахсий ҳаёт дахлсизлигининг бузилиши ва ёлғон ахборотнинг жадал тарқалишига дучор қилаётган янги маконлар пайдо бўлмоқда.

Ёшлар рақамли дунё учун зарур қоидаларни шакллантиришга ёрдам бериши керак. Зотан, технология инсон ҳуқуқларини заифлаштирмаслиги, аксинча, уларга хизмат қилиши лозим.

– Ҳозирги шароитда ёшлар учун қандай имкониятлар яратиш мумкин?

– Бугунги кунда, яъни иқтисодий ноаниқликнинг янги даврида жуда кўплаб ёшлар мустақил ҳаётга ишончли ва барқарор йўлга эга бўлмаган ҳолда қадам қўймоқда. Парламентларда бунга жавоб бериш учун амалий механизмлар мавжуд: меҳнат қонунчилиги, бюджет сиёсати ва бандлик соҳасидаги сиёсат устидан парламент назорати.

Ёш парламентарийлар ана шу воситалардан фойдаланиб, ёшларнинг ҳеч қачон четда қолиб кетмаслигини таъминлашга ҳисса қўшиши зарур.

Фурсатдан фойдаланиб, ёш парламентарийларга мурожаат қилмоқчиман: инсон ҳуқуқларини кун тартибига киритинг. Ва авлодлар ўртасида иттифоқлар тузинг – сизлар билан биргаликда ҳаракат қилишга тайёр бўлган парламентарийлар билан ҳамкорлик қилинг. Бугунги давр биздан айнан шундай сиёсий жасоратни талаб қилмоқда. Ушбу конференция эса ана шундай жасоратни сафарбар этишга қаратилган.

– Конференция иштирокчиларини қандай муҳокамалар кутмоқда?

– Икки кун давомида ёшлар ҳуқуқлари кенг муҳокама қилинади. Иштирокчилар бу ердан шахсий мажбурият билан қайтади: ўз парламентларида инсон ҳуқуқларининг очиқ ва фаол ҳимоячиси бўлишда давом этади.

Самарқанд – инсон ҳуқуқлари борасида қатъий чегара белгилайдиган нуқтага айланади. Ёш парламентарийлар шу ерда бирлашиб, «Биз ҳуқуқлар емирилиб бораётган ва адолатсизлик одатий ҳолатга айланаётган дунёни қабул қилмаймиз. Биз ўзимиздан олдинги авлодлар курашиб эришган тараққиётни ҳимоя қиламиз», деган фикр атрофида бирлашади. Парламентлараро иттифоқ бу йўлда ёшлар билан доим бирга.

ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.

Nashr sanasi 04.09.2026 Ko'rishlar 28
Ulashish