Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Сўз эркинлиги — Янги Ўзбекистон тараққиётининг зарур шарти

Мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон давлат мустақиллиги 35 йиллигининг юксак шукуҳи ҳали ҳам кезиб юрибди. Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати ҳамда «Ҳаёт ва қонун» журнали таҳририяти вакилларининг  фахрий журналист Собир ота Қурбонов хонадонидаги учрашуви байрамона кайфиятда бошлангани бежиз эмас.

Суҳбат аввалида Истиқлол самаралари, айниқса, кейинги ўн йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида эришилган бемисл ютуқлар ҳақида сўз борди. Бу муваффақиятлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти, Ватанимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори юксалишига нечоғлик улкан ҳисса қўшганлиги эътироф этилди.

 Собир ота 1984-1987 йилларда Ўзбекистон Матбуот қўмитаси раиси бўлган, шунингдек, бир муддат Ўзбекистон журналистлар уюшмасига раҳбарлик қилган, Ўзбекистон радио ва телевидениесида шарҳловчи бўлиб ишлаган. Шунинг учун суҳбат мавзуси мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти талқинига уланиб кетганлиги табиий.

Мулоқот асносида қайд этилганидек, эркин журналистика — тараққиётнинг зарур шарти. Бинобарин, Президентимиз демократия, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида Янги Ўзбекистонни барпо этишда оммавий ахборот воситалари энг муҳим омиллардан бири эканини мунтазам таъкидлаб келмоқда.

Бугунги кун талаби шундай: миллий оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажариши лозим. Бунда оммавий ахборот воситалари нафақат муаммоларни олиб чиқувчи, балки халқни умуммиллий манфаатлар атрофида бирлаштирадиган қудратли маънавий куч бўлиши ҳам фарзу қарздир.

Ўз навбатида, фахрий журналист Собир Қурбоновнинг фикрича, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, унинг мақомини ошириш ва ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар кутилган натижаларни бермоқда. Кейинги даврда Уюшма журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий, ахборот-технологик ёрдам кўрсатиш, профессионал бирдамликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро касбий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратаётгани жуда муҳим.

Маълумки, 8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни. Ушбу сана Халқаро журналистлар ташкилоти IV конгрессининг қарорига асосан 1958 йилдан буён дунё миқёсида нишонлаб келинмоқда. Халқаро журналистлар ташкилотининг Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган ўша конгресси депутатларининг фикрича, Халқаро журналистлар бирдамлиги куни барча мамлакатлар ва даврий нашрлар журналистлари бутун дунёга ўзларининг аҳиллигини, айниқса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бирдамлигини намойиш этишлари учун зарур.

Шу нуқтаи назардан, ҳар йили мазкур санада дунёнинг турли мамлакатлари журналистларини бир жойда жамлайдиган қурултой ва анжуманлар ўтказилади. Бу жараёнда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда соҳа пешқадамларини тақдирлаш яхши анъанага айланган.

 Мамлакатимизда сўз эркинлиги ва журналистлар ҳимоясини кучайтириш масаласи жамият ва давлатнинг алоҳида эътиборида турибди. Айни чоғда, ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект имкониятлари жадал ортиб бораётган бир шароитда сохта ахборотга, яъни фейкларга қарши профессионал маҳорат ва масъулият билан курашиш талаб этилишини замондош ҳамкасбларимиз теран англаган ҳолда иш олиб бораётганлари таҳсинга лойиқ.

Суҳбат якунида Собир ота йўқлов учун самимий миннатдорчилик изҳор этиб, юртимизга тинчлик ва барака, соҳа вакилларига ижодий зафарлар тилади. Энг улуғ ва энг азиз байрам ҳамда таваллуд куни муносабати билан кўрсатилган эътибордан мамнунлигини билдирди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 07.09.2026 Ko'rishlar 53
Ulashish