Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

 “Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маданий соҳадаги миллий сиёсати” номли монография тақдимоти бўлиб ўтди

9 сентябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида сиёсий фанлар доктори, профессор Алишер Мўминовнинг “Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маданий соҳадаги миллий сиёсати” номли монографияси тақдимотига бағишланган илмий-жамоатчилик тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти ҳамда Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда етакчи сиёсатшунослар, файласуфлар, ҳуқуқшунослар, тарихчилар, давлат бошқаруви ва миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритаётган экспертлар, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов монографиянинг асосий қоидалари ҳақида фикр юритар экан, Янги Ўзбекистонда миллий сиёсатни амалга оширишнинг институционал механизмларига мухтасар тўхталди. Хусусан, мамлакатимизда мавжуд 150 дан ортиқ миллий маданий марказ фаолияти, шунингдек, 130 дан ортиқ этник гуруҳ вакилларининг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ҳамда академик дипломатиянинг ўрни ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади.

А. Саидовнинг фикрича, Янги Ўзбекистонда маънавий-маданий соҳада амалга оширилаётган миллий сиёсатнинг назарий-методологик асослари, унинг амалий аҳамияти ҳамда жамият тараққиётидаги ўрни хусусида сўз борганда, 2023 йилдаги конституциявий ислоҳотлар орқали ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган инсон қадри, адолат ва ижтимоий масъулият тамойилларига асосланган янги гуманистик парадигма масалаларига алоҳида урғу бериш айни муддаодир. Бинобарин, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, муносиб ҳаёт учун барқарор ижтимоий-ҳуқуқий шароит яратиш миллий сиёсатнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

Сўнгги ўн йилликда мамлакатимизда миллий сиёсатнинг трансформацияси, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ва барқарорликни таъминлаш борасида улкан кўламдаги самарадор ислоҳотлар амалга оширилди. Шу нуқтаи назардан, монографияда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсат замон талаблари асосида изчил такомиллашиб бораётган Янги Ўзбекистонда “тотувлик экотизими”нинг фаолият механизмлари атрофлича тадқиқ этилгани эътирофга сазовор.

Монографиянинг муҳим йўналишларидан бири — “Учинчи Ренессанс архитектураси” концепциясининг илмий таҳлилидир. Унда тарихий хотира ва аждодлар маънавий мероси, жумладан, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк сиймолар мероси нафақат тарихий ёдгорлик, балки фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг муҳим маънавий омили сифатида талқин этилгани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган миллий сиёсатнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанглиги, хусусан, жамиятда барқарорликни таъминлаш, тенг имкониятлар яратиш, тинчликсевар ва очиқ жамиятни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда маданий ўзига асраш масалаларига қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар глобаллашув шароитида маъмурий бошқарувдан ижтимоий шерикликка ўтишга асосланган янги илмий ёндашувнинг аҳамиятини қайд этдилар. Мазкур ёндашув миллий ўзлик ва умуминсоний қадриятларни қарама-қарши эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи омиллар сифатида кўриш имконини бериши, шу орқали жамиятда барқарор маданий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилиши билдирилди.

Муҳокамаларда ёшлар сиёсати мазкур жараёнларнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳам қайд этилди. Ёш авлодни дунёга очиқлик, қўшни халқларнинг маданий меросига ҳурмат ва миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш миллий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрсатилди.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, “Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маданий соҳадаги миллий сиёсати” монографияси миллатлараро муносабатлар масалаларини тадқиқ этаётган олим ва мутахассислар билан бир қаторда, давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, педагоглар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун ҳам муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.

Тақдимот якунида профессор Алишер Мўминовнинг мазкур монографияси Ўзбекистонда маънавий-маданий сиёсатнинг илмий асосларини чуқур англаш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёда гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим илмий тадқиқот сифатида эътироф этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 09.09.2026 Ko'rishlar 164
Ulashish