Яқинда, 28–29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларга 60 йил ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияга 40 йил: қадр-қиммат, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал шериклик” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтади. Форумда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳуқуқнинг турли долзарб масалалари қатори БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянси бўйича ташаббуси ҳақида ҳам фикр юритилиши кутилмоқда.
Бу ўринда, албатта, БМТ Олий комиссари томонидан яқинда илгари сурилган ва халқаро майдонда кенг муҳокама қилинаётган глобал ташаббус — Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс ҳақида сўз бормоқда. Аввало, Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянснинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиш лозим.
Ушбу альянс қисқа муддатли ахборот кампанияси сифатида эмас, балки ишга туширилган пайтдан бошлаб (2026 йил июнь) Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 80 йиллиги нишонланадиган кунгача (2028 йил 10 декабрь) бўлган даврга мўлжалланган узоқ муддатли сафарбарлик платформаси сифатида ташкил этилган. Бу босқич давомида ҳар йили айнан 10 декабрь куни Глобал альянснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича форуми (Global Alliance Human Rights Forum) ўтказиб борилади.
Альянснинг фаолияти фақат Женева доирасида чекланиб қолмай, балки барча минтақаларни қамраб олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс тўртта стратегик устунга таянади. Булар: «Инсон ҳуқуқлари уйда» (Human Rights at Home); «Инсон ҳуқуқлари амалда» (Human Rights in Action); «Келажак учун инсон ҳуқуқлари» (Human Rights for the Future); «Инсон ҳуқуқлари онгда» (Human Rights in Mind) деган стратегик таянчлардан иборат.
Мазкур альянс ташаббуси замирида дунёда инсон қадр-қимматини улуғлаш, рақамли технологиялар, хусусан, сунъий интеллект асрида шахсий дахлсизлик ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда халқаро конвенциялар ижросини кучайтириш мақсади мужассамдир. У БМТнинг ислоҳотлар дастури, хусусан, ташкилотнинг келажакдаги янги стратегик тизими, масалан, "UN-80" ташаббуси билан чамбарчас боғлиқ.
Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянснинг аҳамиятига келсак, бугунги глобал қутблашиш ва можаролар шароитида инсон ҳуқуқлари халқаро миқёсда кўп ҳолларда заифлашиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Шу маънода, альянс давлатларни ягона платформага бирлаштириб, қонун устуворлигини таъминлаш ва рақамли камситишларга, бошқача айтганда, рақамли тафовутга барҳам беришда муҳим воситага айланиши тақозо этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
