2026 йил 28 сентябрь куни пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ўз ишини бошлади. Ушбу анъанавий халқаро тадбир “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишлаб ўтказилмоқда.
Форумда 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилот вакиллари офф-лайн ва он-лайн форматда иштирок этмоқда. Жумладан, 10 та халқаро ташкилот, 8 та минтақавий ташкилот, 8 та хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, 30 нафардан зиёд инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи миллий ҳамда хорижий эксперт, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари, бизнес доиралар вакиллари қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми иштирокчиларига самимий ва астойдил миннатдорчилик билдирди. Раислик қилувчи анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланганига эътиборни қаратди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ана шу эзгу анъананинг мантиқий давомидир. Бу галги Форумни ўтказиш учун ўзига хос тарихий асослар бор. Аввало, жорий йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганига 60 йил тўлмоқда. Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 40 йиллиги нишонланмоқда. Бундан ташқари, бу йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганига ҳам 30 йил тўлади.
Бугун инсоният мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғланган глобал синовларга дуч келмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда.
Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумининг дастури ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл сўзга чиқди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг табрик сўзини Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлими вакили вазифасини бажарувчи Эннио Боати ҳамда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Президенти Миржана Сполжарис табригини мазкур халқаро ташкилотнинг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари Билжана Милосевиc ўқиб эшиттирди. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ва EХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Мариа Телалианнинг видео-мурожаати намойиш этилди.
Дастурга кўра, биринчи кун Форумнинг 2 та ялпи мажлиси ва параллел тарздаги 7 та шўъба сессияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Иккинчи куни якунловчи ялпи мажлис Самарқандда ўтказилиб, унда Форумнинг Якуний ҳужжати қабул қилинади.
Форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Иштирокчилар географиясини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми иши 3 тилда, яъни ўзбек тилида ҳамда БМТнинг 2 та расмий тили – инглиз ва рус тилларида олиб борилмоқда. Форум иши расмий ахборот каналлари, ОАВ, онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
