28 сентябрь куни пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ўз ишини бошлагани муносабати билан китоблар ва расмлар кўргазмалари ташкил этилди. Ушбу кўргазмалар “Hyatt Regency” меҳмонхонасининг Форум мажлислари ўтадиган муҳташам залларида иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Китоблар кўргазмаси Самарқанд форумининг асосий ташкилотчиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Тошкент” залида ташкил этилди. Кўргазмадаги китобларнинг аксарияти Миллий марказ томонидан ҳуқуқий саводхонликни ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданиятини тарғиб этиш ва жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини мустаҳкамлаш мақсадида нашр этилган янги ҳуқуқий тўпламлар, монография ва рисолалар, халқаро ҳужжатлар таржималарининг нашрлари, илмий-амалий конференциялар материаллари тўпламларидан иборат.
Кўргазманинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, халқаро шартномалар, миллий қонунчилик, илмий тадқиқотлар ва амалий материалларни кенг тарғиб қилишдир. Бунда, шунингдек, Форум иштирокчиларини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништиришга катта эътибор қаратилди.
Кўргазмада «Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро тажриба, миллий амалиёт ва ривожланиш истиқболлари», шунингдек, «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари: конституциявий кафолатлардан амалга ошириш сари» номли мақолалар тўпламлари;
«Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар тўплами» (I, II ва III жилдлар); «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»; «Бола ҳуқуқлари: халқаро ва миллий даражада ҳимоя қилиниши» ўқув қўлланмаси; «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг одам савдосига қарши кураш бўйича глобал ҳаракатлар режаси» каби янги нашрлар намойиш этилди.
Иштирокчилар эътиборига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 1996–2026 йиллардаги фаолиятига бағишланган библиографик кўрсаткич тақдим этилди. Мазкур нашрда Миллий марказнинг 30 йиллик фаолияти давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида тайёрланган ва нашр этилган илмий, ўқув-услубий, ахборот-таҳлилий ҳамда библиографик материаллар ҳақида маълумот жамланган.
Форум иштирокчилари, айниқса, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактлар қабул қилинганининг 60 йиллиги муносабати билан тайёрланган нашрларни алоҳида эътибор билан кўздан кечирдилар. Бу нашрлар орасида туркум китоблар билан бир қаторда «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» илмий-маърифий журналининг махсус сони ҳам бор.
Меҳмонхонанинг “Фарғона” залида очилган фотокўргазма ҳам Бешинчи Самарқанд форуми иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур кўргазма Миллий марказнинг яқин халқаро ҳамкорларидан бири – БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Ушбу фотокўргазма Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаросизликка барҳам бериш борасида эришган ютуқларига бағишланган.
Бинобарин, анъанавий Самарқанд форумининг айнан шу залда бўлиб ўтган еттинчи шўъба мажлисида – “Фуқароликка эга бўлмаганлик ҳолатларини қисқартириш тўғрисидаги конвенциянинг 65 йиллиги: унинг сақланиб қолаётган аҳамияти, Марказий Осиё давлатларининг эришган натижалари ва келгуси истиқболлари” мавзуси кенг муҳокама этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
