Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ҳуқуқшунослик соҳасида халқаро алоқаларни ривожлантириб

20 ноябрь куни Қозон шаҳрида “Лазарев ўқишлари: сиёсат ва ҳуқуқ” халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов иштирок этди.

Қозон федерал университетида ташкил этилган мазкур анжуман атоқли россиялик ҳуқуқшунос олим, профессор Валерий Лазарев хотирасига бағишланди.      Ўзбекистон вакили онлайн форматда “Профессор В. В. Лазаревнинг назарий меросида сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи: маданиятлар мулоқотидан ҳуқуқий ғояларнинг қиёсий тарихигача” мавзусида маъруза қилди.

Академик А. Саидов таъкидлаганидек, таниқли ҳуқуқшунос олим услубининг алоҳида қиммати унинг илмий жасоратида эди. У талабалар ва ҳамкасбларини ўткинчи сиёсий вазиятга қарамай, ҳақиқий бирламчи манбаларга, масалан, Афлотун, Макиавелли, Иммануил Кантнинг асл матнларига таянишга ўргатган.

Халқаро илмий конференция мезбон мамлакат, Ўзбекистон ҳамда Озарбайжоннинг етакчи ҳуқуқшуносларини бирлаштирди.

Жорий йилда илк бор ўтказилган “Лазарев ўқишлари” Қозон университети ҳамда Россия Ҳукумати ҳузуридаги Қонунчилик ва қиёсий ҳуқуқшунослик институтининг қўшма лойиҳасидир. Ушбу Институт, Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети, Россия халқлар дўстлиги университети, Москва давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети ва бошқа бир қатор олий ўқув юртлари “Лазарев ўқишлари”нинг ҳамташкилотчилари сифатида иштирок этди.

Иштирокчиларни қутлар экан, Қозон университети президенти Риёз Минзарипов ушбу олий ўқув юртида ҳуқуқшунослик фани ривожига катта ҳисса қўшган, илмий ишлари ҳамон талабгир ва долзарб бўлиб қолаётган машҳур олим Валерий Лазарев фаолият юритганидан фахрланишини билдирди.

Форум нафақат ҳуқуқшунос олимнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш, балки соҳа экспертларининг иштироки орқали ҳуқуқшунослик фани ривожига таъсир кўрсатишда давом этаётган янги ғояларга юзланиш имконияти ҳамдир.

Қўшимча қилиш жоизки, 2025 йилда вафот этган атоқли олим хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахт Қозон шаҳридаги кўчалардан бирига Валерий Лазарев номини бериш ва унинг мемориал хонасини очиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия юристлар уюшмаси томонидан атоқли олимнинг хотирасига бағишланган медаль тайёрланди ҳамда нашрларнинг шахсий биографик материалларни ўз ичига олган рақамли архиви яратилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 23.11.2026 Ko'rishlar 90
Ulashish