Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Инсон ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида техник кўмак кўрсатиш истиқболлари муҳокама қилинди

2026 йил 19 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ушбу Марказ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакилларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси (ИҲОКБ) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган мақсад Миллий марказнинг ИҲОКБ билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш, бюджетни режалаштирувчи ва ижро этувчи давлат органлари салоҳиятини ошириш, шунингдек, бюджет сиёсати ва ижтимоий ҳимоя тизимига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб олишдан иборат.

Учрашув Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, жумладан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидалари ҳамда БМТнинг шартномавий органлари тавсияларини бажариш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ давлат сиёсатини изчил амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, шунингдек, Миллий марказнинг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқбол Абдумажидов ва ушбу бўлимнинг масъул ходими Севинч Жамшидова қатнашди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази директори Гулнора Раҳимова ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ижтимоий ҳимоя сиёсатини ишлаб чиқиш ва стратегик ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Муродулложон Обидов, халқаро ташкилотдан эса БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Игорь Гришко, миллий дастурлар координатори Илдар Файзуллин ва дастурларни бошқариш бўйича ёрдамчи Азиза Саидарипова иштирок этди.

Дилноза Муратова ўз нутқида Миллий марказнинг ИҲОКБ билан ҳамкорлиги кўп йиллик тарихга эга эканлигини, 2017–2018 йиллардаёқ муҳокама қилинган ўсиш кўрсаткичларини баҳолаш ва индикаторлардан фойдаланиш масалалари учрашув мавзуси билан бевосита боғлиқлигини қайд этди. У иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг амалий вазифаси эканлигини, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, ижтимоий ҳимоя тизими ислоҳоти ҳамда фуқаролар иштирокидаги очиқ бюджет механизмларини ривожлантириш ушбу вазифани ҳал этишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув давомида Игорь Гришко томонларга техник ва эксперт кўмагининг бир қатор муҳим шаклларини кўриб чиқишни таклиф этди. Хусусан, мулоқот чоғида ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларини бюджетлаштириш ҳамда бюджет трансфертларининг энг мақбул шаклларини аниқлаш усуллари бўйича миллий ва маҳаллий даражада ихтисослаштирилган семинарларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташаббус доирасида маҳаллий экспертларни фаол жалб этиш ва халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш режалаштирилган. Табиий офатлар ва турли инқирозлар даврида ижтимоий ҳимоя тизимини самарали бюджетлаштириш амалиётини ўрганишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ушбу ҳамкорлик дастлаб масофавий форматда, кейинчалик эса юзма-юз учрашувлар шаклида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ўқув маркази директори Гулнора Раҳимова Марказда нафақат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, балки бошқа вазирликлар мутахассислари ҳам таҳсил олаётганини таъкидлади. У индикаторлар ва бюджет маркировкасини ишлаб чиқишнинг мураккаблиги ҳамда бу борада кўмак зарурлигини кўрсатиб ўтди, шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш амалиёти, жумладан, унинг янги элементи — депутатлик сўрови ҳақида сўзлаб берди.

Г. Раҳимова ходимларни ўқитишни давом эттириш, хусусан, алоҳида ўқув модулини ишлаб чиқиш имконияти ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги дастури мисолида бюджетни синов тариқасида таҳлил қилиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади. Мазкур таклифлар келгуси йил режаларига киритилиши мумкинлиги қайд этилди.

Учрашув якунида иштирокчилар мавзунинг долзарблиги ва ҳамкорликнинг истиқболли эканлигини қайд этдилар. Техник кўмаклашишнинг аниқ йўналишлари, шакллари ва муддатлари келгуси йил режаларини ҳисобга олган ҳолда ишчи тартибда белгиланади.

Бундай учрашувларнинг ўтказилиши иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга оширишнинг институционал механизмларини янада мустаҳкамлаш, давлат органларининг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда бюджетни режалаштиришда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этишга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 19.10.2026 Ko'rishlar 170
Ulashish