Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва одам савдосига қарши курашиш борасидаги ишлар сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг 13 август куни Олий Мажлис Сенатида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Йиғилишда Миллий комиссия, унинг ҳузуридаги кичик комиссиялар ҳамда ҳудудий комиссияларнинг жорий йил биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширган ишлари, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида муносиб меҳнатни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосининг олдини олиш ҳамда халқаро меҳнат стандартларини миллий амалиётга жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, соҳага оид миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича ислоҳотлар давом эттирилди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 87 ва 98-сонли конвенциялари талабларига мувофиқ фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Шунингдек, Меҳнат кодексини такомиллаштириш, камситиш ва шаҳвоний шилқимликнинг олдини олиш, норасмий бандликни қисқартириш, меҳнат муҳофазаси ҳамда дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш, уларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва жамиятга интеграция қилиш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш бўйича тизимли чоралар кўрилди.

Қишлоқ хўжалигида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер муносабатларини такомиллаштириш ва пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермерлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солиш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Амалга оширилган ишлар натижасида фермер хўжаликлари фойдасига қарздорликлар ундириб берилиши таъминланди.

Ишлаб чиқариш тармоқларида халқаро меҳнат ва техник стандартларни жорий этиш ишлари ҳам фаоллаштирилди. Бугунги кунда 286 та корхонада ISO, Oeko-Tex, Sedex, Better Work, BSCI, GOTS, BCI каби халқаро стандартлар жорий этилган.

Халқаро ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 8-11 июнь кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат ташкилотининг 114-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Унда мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини таъминлаш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш ва меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар тақдим этилди.

Шунингдек, соҳадаги айрим камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилиниб, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилояти ҳудудий комиссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилиш якунида меҳнат соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий этиш, муносиб меҳнат тамойилларини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Alliance 8.7” ташаббуси доирасида Ўзбекистоннинг 2026–2029 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” лойиҳалари кўриб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, соҳадаги ишларни янада тизимли ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Nashr sanasi 14.08.2026 Ko'rishlar 41
Ulashish