Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифини ушбу мамлакатдан ёритиб бораётган журналистлардан бири Азиза Қурбонова ўз таассуротлари билан бўлишди.
“9 соат”нинг сири нимада?
“…Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар…
Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!”
Сеулда давлат раҳбарининг ватандошларимиз билан мулоқотида шу сўзларини эшитиб, таъсирландим.
Биз Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифини ёритиш учун келган журналистларга ҳам, бутун делегациямизга ҳам, ва мана билдикки, Президентимизга ҳам вақт етмаяпти.
Тасаввур қилинг, Сеул 4 соат олдинда. 15 сентябр Ўзбекистонда тонгги 6 бўлганида давлат раҳбарининг Корея Миллий ассамблеясида учрашуви бўлаётганди.
Президентимиз парламент спикери билан хайрлашаётганида айтган гаплари қулоғимга чалинди: “Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти”.
“Ишларимиз жуда кўп”нинг маъноси, менимча, шундай: Президентнинг иш дастурида тушга қадар 1 та учрашув, 1 та қабул, яна 200 кишилик Ўзбекистон-Корея бизнес форумида нутқ, ҳужжатларни имзолаш маросими, Ўзбекистон вилоятларида 5 та қўшма янги лойиҳага старт маросими, Кореянинг 10 та чебол компанияси (кўп тармоқли улкан оилавий бизнес) билан тет-а-тетлар. Бу вақтда эса яна бир залга одамлар тўпланди, Кореяда яшаётган, ўқиётган 50 га яқин ватандошлар маҳтал турибди. Бу ишларни бошида туриш тугул, шунчаки ўқиб кўрсангиз ҳам “эҳҳе” деворасиз.
Костюм-шим кийган жиддий одамларнинг гапларини эшитиб қоламан: “балки ватандошлар билан учрашув “отмен” бўлар? Учрашувга кирманг, деб айта қоламиз, саммитга тайёргарлик кўришлари керак, ҳали “обед” ҳам қилмадилар”.
Тушлик қилмай ишлашларига биз ҳам гувоҳмиз, айниқса, хорижда тадбир-тадбирга уланиб кетаверади. Кўпроқ одам билан гаплашишга ҳаракат қилади президент. Кўпроқ фойда олиб кетай юртимга, дейди президент.
Бир кун ичида ниҳоятда кўп одам билан гаплашиб, топшириқлар бергани, нутқ ўқигани —“нон-стоп” режими ўз таъсирини кўрсатади: Президент баъзан томоғи қирилаётгани учун узр сўрайди, “булар менга сув ҳам бермайди” деб ярми ҳазил, ярми чин айтади.
Аудитория ёшлардан иборат. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатлари, ёки “аллақачон туп қўйиб палак ёзганлар” — 50 $дан бизнес бошлаб, бугун Ўзбекистондан импорт қилаётганлар, ёки университетда 7 корейс талабага ўзбек тилини ўргатишдан бошлаб, ҳозир йилига 70 дан ортиқ талаба ўқитаётган олималар ҳам бор.
Президент уларга ташриф тафсилотларини тушунтиради, нега Кореяга келгани, муносабатларимиз қандай ривожланиб бораётгани, шу ердаги фуқароларга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашади. 10 га яқин ёшларнинг таклифларини тинглайди.
Протокол хизмати бир неча бор раҳбар олдига келиб эслатади: “9 соат бўлди”.
Давлат раҳбари эса мулоқотда давом этади. Журналистлар мағзини чақишга уринамиз. Тўхтовсиз ишлаётганларига 9 соат бўлдими ёки муҳим тадбир бошланишига 9 соат қолдими?
Учрашувда Кореяда тадқиқот қилаётган Елена Чуянова “тез-тез, шошилинч маданият”ни эслатади: 빨리빨리 문화 (ппалли-ппалли мунҳwа). Яъни, тараққиётдан орқада қолмаслик шарти – вақтни енгиш, нафақат «жисман», балки «маънан енгиш».
Кореяни ривожлантирган бу маданият Президентимизнинг “шошилмасдан шошилиш” принципига ўхшайди. Замондан орқада қолмайдиган Ўзбекистон қуриш орзуси бу.
"Бир дақиқа ҳам вақтларингни бекорга ўтказманглар. 5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, ватанга садоқат билан хизмат қилинглар".
9 соат “тик оёқда” ўтган кун барибир якунланмайди. 16 сентябрда Марказий Осиё бешлиги ва Корея саммити бўлади, ҳозир бориб президент ўз нутқини, ташаббусларни тайёрлайди.
Қачон раҳбар дам олади—бу саволга жавоб топиш бутун делегация учун ҳозирча жумбоқ.
“Ўзимниям қийнайман, сизларниям,
ишламагунларингча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак”.
9 соатлик “нон стоп”нинг сирини билмайману, мақсади лекин аниқ шу”, — дея ёзади журналист.
Kun.uz
