Мулоқот мажлиси сессиясида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш чоралари кўриб чиқилди

Тошкент шаҳрида давом этаётган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти мажлиси доирасида “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва ҳуқуқий ҳимоя” мавзусида бешинчи сессия ўтказилди.

Сессияда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари, жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди.

Туркманистон Межлисининг Фан, таълим, маданият ва ёшлар сиёсати қўмитаси раиси Б. Мирадова сессияда модераторлик қилди.

Иштирокчилар хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, қонунчилик ва ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, юридик ва психологик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш, гендер стереотипларга қарши чора-тадбирлар кўриш, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини ривожлантириш каби масалаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, оилада зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонунлар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ва кризис уйларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Сессия якунида иштирокчилар аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда минтақа давлатлари ўртасида тизимли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш аҳамиятини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech