Ўзбек халқи қиёфасини ярата олган адиб хотирланди (+видео)

1962 йилда катта экранларга чиққан, Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган “Сен етим эмассан” номли кино асар муаллифини бугунги ёшлар балким билмас, лекин ўз даврида Раҳмат Файзий сценарийси асосида яратилган ушбу фильм нафақат юртимиз осмонида порлади, балки узоқ хорижий давлатларда ҳам кўзда ёш билан, илиқ кутиб олинди.

Иккинчи жаҳон урушининг бутун машаққатларини, даҳшатли оқибатларини жажжи қалблар қиёфасида гавдалантира олган, юксак инсонийликни, айниқса ўзбек миллатининг руҳиятини, бағри кенглигини, меҳр-оқибатини кўрсатиб берган фильм катта саҳнада шуҳрат қозона олди. Ҳозирги даврда ҳам бу кино инсонларга маънавий-руҳий озуқа бера олади ва долзарблигини ҳамон йўқотмаган. Зеро, ушбу асар адиб эгаллаган чўққининг юқори нуқтаси эмасди, бу катта ижод йўлидаги дастлабки шонли пиллапоялар эди холос.         

Бу жиҳатлар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ўтказилган хотира кечасида ёзувчи-шоирлар, фан арбоблари, адабиётшунос олимлар, адибнинг яқин дўстлари томонидан  яна бир бора эътироф этилди. Жумладан, ўқувчилар қалбидан чуқур жой эгаллаган “Ҳазрати инсон” романи ёзувчи ижодидаги кульминация эканлиги ва бу асар Раҳмат Файзийга юртимиз ва дунё китобхонлари орасида катта шуҳрат олиб келганлиги таъкидланди.         

Хотира кечасида ёзувчининг яқинлари, оила аъзолари, кўп сони мухлислари жам бўлишди ва ҳар бирлари ўзларининг адиб ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ёрқин хотираларини гапириб беришди. Тадбир давомида йиғилганларга ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм намойиш этилди.     

Санъат музейида ёрқин лаҳзаларга муҳрланган тасвирлар, ёзувчи асарларидаги қаҳрамонлари образлари акс этган кўргазма мухлислар эътиборига ҳавола этилди.        

Раҳмат Файзийнинг адабий мероси серқирра, чуқур мушоҳадаларга чорлайдиган образларга бой ва улар орқали сиз ўзбек халқининг маънавияти ва маърифатини, бағрикенглигини кўриб, уларга ўхшашга, меҳр улашишга ҳаракат қиласиз. Адибнинг ютуғи ҳам шунда, атрофдаги воқеаларни реал ҳаётдан олиб, китобхонларга маҳорат билан етказа билади, ўша давр муҳитини тасвирлай олади, одамларнинг дарди билан яшайди ва ўзидан кейин ўчмас ном қолдиради. Хотира кечасида ушбу сўзлар бот-бот янгради ва шундай учрашувларни давом эттириш ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, китобхонлар сафининг кўпайишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech