Қозоғистонда туркий тилларни танишга мўлжалланган энг йирик сунъий интеллект модели тақдим этилди
Қозоғистоннинг Cybernet AI стартапи туркий тиллар учун энг йирик нутқни автоматик таниб олиш (АSR) моделини тақдим этди. Бу Марказий Осиёда яратилган биринчи ишланма бўлиб, туркий тиллар гуруҳи хусусиятларига мўлжалланган тўлақонли сунъий интеллект моделининг илк намунаси ҳисобланади.
Лойиҳа Microsoft GPU инфратузилмасида Astana Hub ҳамда Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигининг стратегик кўмагида амалга оширилган.
Модель қозоқ, турк, ўзбек, қирғиз, озарбайжон ва татар тиллари асосида яратилган бўлиб, мижозларнинг бизнес мулоқотларида ва давлат хизматларидан фойдаланишда кенг тарқалган формат - аралаш туркча-русча нутқни ҳам тўғри таний олади.“Cybernet AI ишланмаси туркий тиллар гуруҳи мамлакатларига ўз она тилларида рақамли хизматлар ва мижозларга хизмат кўрсатишни сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда сифатни йўқотмай ва арзон нархда кенгайтириш имкониятини беради. Қозоғистон учун бу глобал сунъий интеллект ечимлари истеъмолчиси ролидан халқаро миқёсда рақобатбардош бўлган ўз технологияларини ишлаб чиқувчи мавқейига кўтарилишни англатади”, дейди Astana Hub бошқарувчи директори Танат Ускембаев.
Янги АSR модели катта ҳажмдаги овозли алоқалар билан ишлайдиган корхоналар - банклар ва молия ташкилотлари, телекоммуникация операторлари, турли даражадаги алоқа марказлари, логистика ва хизмат кўрсатиш компаниялари, аҳолига хизмат кўрсатувчи давлат тузилмаларига мўлжалланган.“Биз онгли равишда инглиз тилидаги моделларни мослаштириш ғоясидан воз кечдик ва жонли, аралаш сўзлашув тилини дастлаб тушунадиган АSR моделини яратдик. Бу ишланма шунчаки навбатдаги технологик маҳсулот эмас, балки сунъий интеллектнинг маҳаллий экотизимини ва технологик мустақиллигини шакллантиришга қўшилган ҳиссадир”, дейди Cybernet AI компаниясининг техник директори Рашид Исмаилов.
Ўзбекча
English
Русский