Шавкат Мирзиёев 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси президенти этиб сайланди

2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг Остона шаҳридаги навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, Қозоғистоннинг 2023-2026 йилларда ОҚХЖ раислиги натижалари сарҳисоб қилиниб, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ноёб минтақавий тузилма сифатида фаолият юритиб келаётганини, Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда унинг роли ва аҳамияти янада ортаётганини таъкидлади.

ОҚХЖ йиғилишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

Тадбир якунида етакчилар Остона баёнотини, Қозоғистон раислигининг бориши тўғрисида, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш тўғрисида ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорларни имзолади. 2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик Ўзбекистонга ўтади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech