Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Сунъий интеллект этикаси: асосий қоидалар ва талаблар

Этика қоидаларининг мақсади сунъий интеллект тизимларидан хавфсиз фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Тошкент давлат юридик институти Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагиларни маълум қилди:

– Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг буйруғи билан “Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 3787-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур этика қоидалари сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ҳамда улардан фойдаланишда асосий тамойиллар, талаблар, шунингдек иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Ҳужжатга кўра, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда қуйидаги асосий тамойилларга риоя этилиши лозим.

Жумладан, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик, маълумотлар ҳимояси, ишончлилик ва хавфсизлик, масъулият ҳамда инсон назорати тамойилларига эътибор қаратилиши лозим.

Шунингдек, сунъий интеллект тизимлари томонидан қабул қилинган қарорлар якуний қарор сифатида қабул қилинмаслиги, яъни улар инсон назорати остида қайта кўриб чиқилиши ва якуний қарор инсон томонидан қабул қилиниши лозимлиги белгиланди.

Хусусан, ишончлилик ва хавфсизлик тамойилига кўра сунъий интеллект технология ва тизимларининг барқарор ва аниқ ишлаши, хатолик эҳтимоли минимал даражада бўлиши, сунъий интеллект технология ва тизимларига киритилган маълумотларнинг хавфсиз сақланиши лозим. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорлар, соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар) ва бошқа соҳалардаги қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган. Сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таянмаслик керак.

Гулноза Бобоева, ЎзА

Nashr sanasi 05.08.2026 Ko'rishlar 86
Ulashish