Сунъий интеллект: келажакда ишсизлик сони ортиб боради (ми?)
Сўнгги йилларда сунъий интеллект технологияси турли соҳаларга жадал кириб бормоқда. Инсон меҳнатига асосланган жараён автоматлаштирилиб, айрим тармоқларда иш ўрни қисқараётгани ҳақидаги фикрлар жаҳон миқёсида жиддий муҳокамалар келтириб чиқармоқда. “Келажакда ишсизлик кучайиб борадими?” деган савол бугун нафақат иқтисодчилар, балки сиёсатчилар, ижтимоий соҳа мутахассислари учун ҳам долзарб тус олди.
Ҳозирги вазиятни таҳлил қилсак, сунъий интеллект аввало такрорий, стандарт ва улкан ҳажмли маълумотга таянадиган вазифаларни тез ва осон бажариш имконини беришига гувоҳ бўламиз. Бу эса ишлаб чиқариш, логистика, банк сектори, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда рақамли қарорларни фаол жорий этишга туртки беради. Баъзи мамлакатларда бухгалтерия, диспетчерлик, қўлбола маълумот киритиш каби техник вазифалар қисқартирилиб, автомат тизим жорий этилмоқда. Шу билан бирга, корхоналар рақобатбардошликни ошириш ва харажатни қисқартириш учун интеллектуал технологияни тобора кенг қўлламоқда.
Мутахассислар фикрича, бу жараённи ишсизлик мажбурий ўсиши, дея баҳолаш бир ёқлама ёндашув ҳисобланади, чунки тарихий тажриба кўрсатадики, ҳар бир технология инқилоби янги турдаги иш ўринлари яратиб, янги касблар пайдо бўлишига олиб келади. Айниқса сунъий интеллект соҳасида маълумот таҳлили, алгоритмни лойиҳалаш, модел яратиш, IT-хавфсизлик, робототехника, интеллектуал сервисни мониторинг қилиш каби ўнлаб янги йўналишлар шаклланмоқда. Бу соҳалар меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлиб, келгусида янада кенгайиши кутиляпти.
Қолаверса, рақамли хизмат кўрсатиш, инсон ва сунъий идрок ҳамкорлиги, интеллектуал таҳлил ва рақамли логистика каби янги вазифаларни бажарадиган мутахассисларга эҳтиёж ортмоқда. Ҳозир йирик ҳажмли маълумот билан ишлаш, бизнес жараёнини соддалаштириш, автомат тизимни назорат қилиш бўйича мутахассислар энг мақбул ва юқори маошли кадрлар қаторидан ўрин эгалламоқда.
Шу нуқтаи назардан экспертлар сунъий интеллект ривожланиши иш ўрнини камайтириши баробарида янги соҳаларга эҳтиёж орқали меҳнат бозорини қайта шакллантириши ҳам мумкинлиги таъкидланади. Бошқача айтганда, масала ишсизлик кескин ошиши эмас, балки кадрларнинг янги шароитга мослашув даражасига боғлиқ бўлади. Агар жамиятда қайта тайёрлаш, малака ошириш ва рақамли кўникма ҳосил қилиш тизими самарали ташкил этилса, сунъий интеллект ишсизликни кўпайтирмасдан, аксинча, янги инновацион хизматлар, замонавий мутахассисликлар шаклланишига кўмаклашади.
Бу борада давлатнинг роли ҳам муҳим. Ривожланган мамлакатлар интеллектуал технологиядан келиб чиқадиган ижтимоий хавфни камайтириш учун махсус дастурлар ишлаб чиқмоқда. Масалан, рақамли саводхонликни ошириш, янги касблар бўйича қисқа курслар жорий этиш, иш ўрни ўзгаришига мослашиш механизмини шакллантириш бўйича. Айни ёндашув рақамли трансформацияси давомида аҳоли бандлигини таъминлашга ёрдам беради.
Шунга кўра сунъий интеллект инсон меҳнатини тўлиқ алмаштиради, деган қараш ҳали етарли асосга эга эмас. Мутахассислар фикрича, иқтисодий жараён таҳлили, таълим соҳасида кечаётган рақамлашув тенденцияси ва технологик ўзгаришлар тажрибаси меҳнат бозорида тубдан янгиланиш юз бериши, шу билан бирга янги имкониятлар ҳам шаклланишини кўрсатмоқда. Демак, келажакда ишсизлик даражаси сунъий интеллект имкониятига эмас, балки жамиятнинг рақамли муҳитга қай даражада тайёрлигига боғлиқ. Рақамли кўникмани ривожлантириш, замонавий касбларга ўтиш ва янги технологиялар билан ишлаш маданиятини шакллантириш эса бу жараёнда барқарор ривожланишни таъминлайдиган асосий омиллардир.
Д.Ҳакимов, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский