UNICEF: Болалар – Яқин Шарқ можаросининг асосий қурбонлари

Яқин Шарқда кескинлик кучаймоқда, минтақадаги бир неча мамлакатдан ўққа тутиш ва жавоб зарбаси ҳақидаги хабарлар узлуксиз тарқамоқда. Вазият беқарорлик чуқурлашиши, гуманитар инқироз юзага келиши хавотирини кучайтирмоқда. БМТ агентликлари можаро камида 16 мамлакатга таъсир кўрсатаётгани, бегуноҳ аҳоли қурбон берилаётгани, кўчирилаётгани, ҳаётий инфратузилмага зарар етаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF) Эронга қарши давом этаётган ҳужум болалар учун оғир оқибатга олиб келишини билдирди. Тузилма болалар, мактаблар ва тиббиёт муассасалари халқаро гуманитар ҳуқуқ билан ҳимояланганини яна бир бор эслатиб, томонларни оддий аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.

Инсон ҳуқуқи бўйича Олий комиссар Фолькер Турк Женевада журналистлар билан суҳбат чоғида уруш янада авж олишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса аллақачон номутаносиб йўқотишга дуч келаётган болаларни ҳимоя қилиш учун халқаро ҳуқуққа ҳурмат ягона калит эканини таъкидлади. Шунингдек, масъулларни “тизгинсиз олов” сингари тарқалаётган можаро авж олишини юмшатишга чақирди.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) эса Яқин Шарқда кучайиб бораётган инқироз туфайли денгиз йўллари занжири узилиши юк ташиш харажатини ошириб, инсонпарварлик ёрдами етказилишини кечиктиришидан огоҳлантирмоқда. ХМТ директорининг гуманитар ёрдам ва тикланиш бўйича ўринбосари Анне-Кэтрин Шефер айтишича, Ҳурмуз бўғози ва Қизил денгиздаги беқарорлик таъсирида юк ташувчи компаниялар ҳар бир контейнер учун тахминан 3000 доллар “фавқулодда қўшимча тўлов” жорий этишга мажбур бўлмоқда. Қўшимча харажат ва кечикиш минтақа ичи ва ташқарисида инсонпарварлик амалиёти учун мўлжалланган чодирдан тортиб, қуёш лампаларигача бўлган муҳим юк йўлига тўсиқ қўймоқда.

Дунёнинг асосий денгиз йўлакларидан бири саналган Ҳурмуз бўғози орқали глобал нефть савдосининг қарийб бешдан бири ва ҳар куни мислсиз миқдорда тижорат юки ташилади. Бу нуқтадаги ҳар қандай узилиш дарҳол энергия бозори ва глобал таъминот занжирига таъсир қилади, транспорт ва суғурта харажатини оширади.

Ёнилғи ва юк ташиш учун масъул гуманитар ташкилотлар учун Ҳурмуз бўғозидаги беқарорлик Қизил денгиз сув йўлидаги кескинлик билан бирга ҳаётий энг зарур ёрдам етказишни секинлаштиради, бутун дунё бўйлаб амалга ошириладиган операциялар харажатига салбий таъсир этади.

БМТ гуманитар агентликлари тобора ортиб бораётган эҳтиёж шароитида жиддий молиявий тақчилликка дуч келмоқда. Масалан, ХМТнинг Ливандаги вакили Матье Лучано маблағ эҳтиёж кўламига нисбатан “сезиларли даражада камлиги”ни таъкидлаган.

Қочқинлар бўйича Олий комиссар бошқармаси охирги урушлар бошланишидан олдинроқ Афғонистон, Эрон ва Покистон учун бу йилги гуманитар эҳтиёжни 454 миллион долларга баҳолаган этди. Афсуски, ҳозирча бу миқдорнинг атиги 15 фоизи йиғилган.

Г.Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech