Парламентлараро иттифоқнинг Женевада эълон қилинган йиллик ҳисоботида Тошкентда бўлиб ўтган 150-юбилей Ассамблея илғор тажриба сифатида эътироф этилди
2025 йилнинг 5–9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун тарихий воқеа бўлди. Минтақада илк бор ташкил этилган ушбу нуфузли форум парламент дипломатиясида янги босқични бошлаб берди ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Бу ютуқ Парламентлараро иттифоқнинг Женевада эълон қилинган 2025 йил якунлари бўйича расмий йиллик ҳужжатида ҳам алоҳида қайд этилган.
Парламентлараро иттифоқининг 2025 йилдаги фаолият натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисоботида ташкилотнинг ўтган йил давомида парламентлар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳамда аъзо давлатлар билан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинган. Бунда Ўзбекистоннинг парламент соҳасидаги қатор ташаббуслари ва тажрибаси илғор намуна сифатида келтирилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йил давомида Парламентлараро иттифоқ томонидан 80 та халқаро тадбир, жумладан 2 та Ассамблея ҳамда парламентлар салоҳиятини оширишга қаратилган 40 та миллий тадбир ташкил этилган. Шунингдек, парламент аъзоларининг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 1 027 та мурожаат кўриб чиқилган, ташкилот фаолияти оммавий ахборот воситаларида қарийб 30 минг марта ёритилган.
Йиллик таҳлилда парламентлар самарадорлигини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш, сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солиш, дезинформацияга қарши курашиш, иқлим ўзгаришига қарши парламент назорати, парламент дипломатиясини ривожлантириш, шунингдек, ташкилот фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш 2025 йилнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган эди.
Ҳисоботнинг алоҳида қисми Тошкентда бўлиб ўтган 150-юбилей Ассамблеяга бағишланган. Унда мазкур форум Ўзбекистон парламенти томонидан юксак ташкилий даражада ўтказилгани, Марказий Осиё тарихида илк бор Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясига мезбонлик қилгани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, Ассамблея иштирокчилари таркиби ҳам юқори баҳоланган. Хусусан, Ассамблеяда парламент аёл аъзолари улуши 37 фоиздан ошгани ва бу 2022 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич экани эътироф этилган.
Якуний ҳужжатда Ассамблеянинг асосий натижаси бўлган Тошкент декларациясига ҳам кенг ўрин ажратилган. Декларация парламентлар камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги сиёсат ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларига жавоб берадиган демократик иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект каби янги технологияларни самарали тартибга солувчи институтларни мустаҳкамлашга чақириши қайд этилган.
Бундан ташқари, Ассамблея доирасида Парламентлараро иттифоқнинг «Парламентларда гендер тенглигига эришиш йўлидаги 10 та амалий ҳаракат» номли янги халқаро ташаббуси тақдим этилгани ҳам муҳим ташаббус сифатида юқори баҳоланган.
Шу билан бирга, ҳисоботда таъкидланганидек Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига бағишланган семинарлар ташкил этилгани ҳам илғор тажрибалардан бири ҳисобланади. Олий Мажлис Сенати Парламентлараро иттифоқ қарорларини мамлакат миллий ривожланиш кун тартиби билан уйғунлаштиришга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилгани алоҳида қайд этилган.
Парламентлараро иттифоқ экспертлари томонидан Олий Мажлис Сенатининг Ассамблея ташаббус ва қарорларини миллий даражада амалга ошириш бўйича тизимли ва изчил ёндашувини барча парламентлар учун намуна сифатида баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекча
English
Русский