АНҚАРА, 27 октябрь. /«Дунё» АА/. Стратегик тадқиқотлар ва ривожланиш маркази бошқаруви раиси Юнус Эмре Канат (Туркия) «Дунё» АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга буюрган ташрифи якунлари ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди.
– Ўзбекистон ўзини Европа учун муҳим, очиқ ва ишончли шерик сифатида намойиш этди. Сўнгги йилларда расмий Тошкент ва Брюссел ўртасидаги муносабатлар чинакамига ўзгарди. Европа Ўзбекистонни узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр ишончли ва тўлақонли шерик сифатида кўради. Бу музокаралар муҳитида ва учрашувлар оҳангида яққол кўриниб турди.
Ташаббуслар аниқ ҳаракатлар билан қўллаб-қувватланиши муҳим. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши энергетика ва транспортдан тортиб рақамли технологиялар ва таълимгача янги имкониятларни очади. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокараларнинг якунланиши аниқ қадам бўлиб, ҳамкорларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, Европа бизнес ва молия доиралари вакиллари билан учрашувларни алоҳида таъкидламоқчиман. Бу шунчаки расмиятчилик эмас, балки ҳақиқий таклифлар ва ғоялар ҳамда биргаликда ишлашга бўлган интилишдир. Айнан шундай учрашувлар дипломатиянинг асл қийматини намойиш этади.
Мен учун бу ташриф шунчаки янгилик эмас, балки ўзбек дипломатиясининг етуклигидан далолат беради. Бўлиб ўтган барча воқеалар мамлакат очиқ, прагматик ва шерикларига ҳурмат билан ёндашаётганидан далолат беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаол ташқи иқтисодий сиёсати мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамламоқда ва уни Марказий Осиёнинг асосий марказларидан бирига айлантирмоқда. Европа Иттифоқи билан, шунингдек, Туркия каби бошқа стратегик шериклар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш бутун Евроосиё минтақасида ўзаро ишонч ва барқарор ривожланишнинг янги моделини шакллантиришга ҳисса қўшмоқда.
- Қўшилди: 27.10.2025
- Кўришлар: 77
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский