АҚШда ўлим жазоси тикланди
АҚШ Адлия вазирлиги федерал жиноятлар бўйича ўлим жазосига қўйилган мораторийни бекор қилди. Қатлнинг бир неча усули қайта жорий этилиб, бу қарор жамоат хавфсизлиги ва адолатни таъминлашга қаратилгани таъкидланган.
Президент Дональд Трамп лавозимига киришган илк кунида имзолаган фармонга мувофиқ, энди энг оғир жиноятлар учун маҳкумни отиш орқали қатл этиш тартиби расман тикланди. Шунингдек, қатл протоколига электр стули, газ камераси ва ўлим инъекцияси каби усуллар ҳам киритилиши режалаштирилган.
Ушбу қарор ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жабрланувчилар учун адолатни таъминлаш мақсадида қабул қилинганига урғу берилган. Маълумотга кўра, чеклов бекор қилингач, 44 нафар маҳкумга нисбатан ўлим ҳукмини ижро этиш бўйича илтимоснома маъқулланган. Қатли кутилаётганлар орасида MS-13 халқаро жиноий гуруҳининг уч нафар аъзоси ҳам бор.
АҚШда федерал миқёсдаги ўлим жазосига оид сиёсат йиллар давомида бир неча бор ўзгарган. Жумладан, 2003 йилдан амал қилган мораторий 2020 йил бекор қилинган, кейинчалик Жо Байден маъмурияти даврида яна тикланган эди. Навбатдаги фармон билан эса ушбу жазо турини қўллаш доирасини кенгайтириш ва ижро жараёнини тезлаштириш назарда тутилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский