БМТ: Ҳар ўн дақиқада бир аёл ўлдирилмоқда

Кеча, 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳайратланарли рақамларни эълон қилди.

"Reuters" агентлиги хабар беришича, ўтган йил дунё бўйлаб 80 000 дан ортиқ аёл зўравонлик оқибатида вафот этган.

БМТ ҳисоботига кўра, ҳар ўн дақиқада бир аёл ёки қиз ўзаро муносабат ёки оиладаги ҳалокатли зўравонлик қурбонига айланади. 83 000 га яқин шундай марҳумалар тахминан 60 фоиз ҳолатда жиноятчи оила аъзоси ёки шериги томонидан ўлдирилган.

– Аёллар ўлими "зўравонликнинг давоми" ва ажралмас қисмидир, – дейди БМТ Аёллар сиёсати директори Сара Хендрикс. – Ҳаммаси назорат, таҳдид ва таъқиб, жумладан Интернетдан бошланади. Ҳар бир аёл ва қиз ҳаётининг барча жабҳасида хавфсизлик ҳуқуқига эга. Давлатлар бундай қотилликларнинг олдини олиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун кўпроқ чоралар кўришлари керак.

Юқоридаги маълумотлар 117 мамлакат ҳисоботига асосланган. БМТ статистикасига кўра, фемицид – аёлларнинг жинсий мансублиги туфайли ўлдирилиши билан боғлиқ ҳалокатли зўравонлик айниқса Африка қитъасида кенг тарқалган.

Бу борада кейинги ўринларни Жанубий ва Шимолий Америка эгаллайди. Осиё ва Европанинг кўпгина мамлакатларида аёлларга қарши жиноятлар ҳамон содир этилаётган бўлса-да, бунда салбий воқеалар аҳоли сонига нисбатан анча кам.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот кўрсатдики, дунё бўйлаб аёлларнинг 30 фоиздан кўпи ҳаётининг бир босқичида зўравонликка дучор бўлган. Шундан келиб чиқиб, ЖССТ қурбонлар сонини 840 миллион киши, деб ҳисоблайди.

Тадқиқотчилар фикрича, муаммонинг ҳақиқий кўлами бундан кенгроқ бўлиши мумкин, чунки жуда кўп жабрдийдалар вазиятни ошкор қилишдан қўрқади.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech