БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси аъзолари конференцияси Ўзбекистонда ўтказилади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурхонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Доҳа шаҳри (Қатар)да бўлиб ўтган БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатларининг 11 - конференцияси (CoSP-11)да иштирок этди.

Нуфузли халқаро тадбирнинг асосий ялпи сессиясида Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ташаббуслари тақдимоти бўлиб ўтди.  

Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан илк бор “Maрказий Осиёда минтақавий коррупцияга қарши чора-тадбирларни кучайтириш ва ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси киритилди.

БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатларининг навбатдаги конференциясини Ўзбекистон мезбонлигида ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.  

Бундан ташқари, параллель сессияларда коррупциянинг олдини олиш бўйича миллий амалиёт муҳокамалари, турли давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига оид икки томонлама учрашувлар ўтказилди.  

Халқаро тадбир давомида Ўзбекистон ташаббуслари муҳокама қилинди. Марказий Осиё минтақасига бағишланган махсус сессиясида A.Бурхонов маъруза қилди.  

Конференцияда Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилди.  

Жумладан, мамлакатимиз томонидан билдирилган иккита халқаро ташаббус конференциянинг 180 дан ортиқ иштирокчи давлати томонидан маъқулланди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech