Болалар ҳуқуқларини таъминлашда инклюзив таълим ва ижтимоий хизматлар самараси
“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция ҳар бир болага оила муҳитида улғайиш, меҳр-муҳаббат ва қўллаб-қувватлашда ҳаёт кечириш ҳамда сифатли таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда ушбу халқаро нормаларни изчил амалиётга жорий этиш бўйича сезиларли қадамлар ташламоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуслари айнан шу йўналишда, яъни болани институцион муассасалардан имкон қадар узоқроқ тутиш, уни оиласи ва жамоаси бағрида ривожлантиришга қаратилмоқда.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, бола тарбияси учун энг мақбул муҳит бу оила. Шу боис, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ноинституционаллаштириш жараёнлари жадаллаштирилмоқда. Болани интернатларга юбориш ўрнига, таълим ва ижтимоий хизматларни унинг яшаётган ҳудудида ташкил қилиш амалиёти кенгаймоқда.
Сўнгги икки йилда умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида таҳсил олаётган алоҳида эҳтиёжли болалар сони 2,5 бараварга ошиб,
5,1 минг нафарга етди. Эътиборлиси, шуларнинг 3,1 минг нафари илк бор мактабга чиқди.
2025 йилнинг ўзида ижтимоий ходимлар томонидан уй шароитида қолиб кетган 7,5 минг ногиронлиги бўлган бола аниқланиб, таълим ва ижтимоий хизматларга йўналтирилди.

Стереотипларни ўзгартириш мақсадида “Инсон” марказларида 1,8 минг ота-она учун инклюзив таълим бўйича психологик тренинглар ўтказилди.
300 та мактабда тўсиқсиз муҳит яратилди, индивидуал ишлаш учун 750 та коррекцион хона ташкил этилди, 2,3 минг махсус педагог ва ёрдамчи педагог штатлари ажратилди.
Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини таъминлашдаги сиёсати бугун сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар қоғозда эмас, амалда акс этмоқда.

Ноинституционаллаштириш ва инклюзив таълим бу шунчаки алоҳида лойиҳалар эмас, балки Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсатидаги узоқ муддатли стратегик йўналиш. Ушбу ёндашув орқали ҳар бир бола ўз салоҳиятини юзага чиқариши мумкин бўлган тенг имкониятли жамият сари қадам ташланмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский