Боланинг энг устун манфаатлари қонун билан мустаҳкамланмоқда

Бугунги кунда болалар ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларида болага тааллуқли ҳар қандай масала ҳал этилаётганда боланинг энг устун манфаатлари ҳисобга олинишини белгилаш, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш асосларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.

Шу мақсадда бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Қонунчилик палатасининг мажлисида мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига, шу жумладан “Оила” кодексига боланинг энг устун манфаатлари тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда.  

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳамда уларнинг вояга етмаган болаларининг манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар тақдим этиш, суд мажлисларида қатнашиш ваколатларини бериш назарда тутиляпти.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар махсус марказларга жойлаштирилганда уларга бир ойгача муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш кўзда тутилмоқда.  

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилади. 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech