Чет элда ота-она қарамоғисиз қолган ўзбекистонлик болалар Ватанга қайтарилди

Юртимизда ижтимоий ҳимоя тизими тубдан такомиллашмоқда. Бунда болалар ҳуқуқлари ва уларга бўлган эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда. Чет элларда чорасиз қолган болалар босқичма-босқич Ватанга қайтарилиб, тизимли равишда ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолган болаларни Ватанга қайтариш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, бугун ҳам беш нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Улар Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлигида Тошкентга етиб келишган.

Болалар вақтинча Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Уларнинг 1 нафари ота-онаси, 2 нафари яқин қариндошлари қарамоғига топширилиши, қолган 2 нафари эса оилавий болалар уйига жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши уларнинг кейинги яшаш манзили бўйича давом эттирилади.

Шербек Исломов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech