Дунёда озиқ-овқат инқирози кескин кучаймоқда
БМТ сўнгги ҳисоботи дунёда очарчилик даражаси мисли кўрилмаган даражага чиққанини кўрсатмоқда. Миллионлаб инсон, айниқса болалар озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ оғир муаммодан азият чекмоқда. Вазият фавқулодда чоралар талаб этади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2026 йилги глобал ҳисоботига кўра, дунёда очарчилик муаммоси тобора жиддий тус олмоқда. Таҳлиллар кўрсатадики, 2016 йилдан буён ўта оғир даражадаги очликдан азият чекаётганлар сони 9 карра ошган, озиқ-овқат танқислиги эса сўнгги ўн йил ичида икки баробар кўпайган. 2025 йил илк бор бир вақтнинг ўзида икки ҳудуд – Ғазо сектори ва Суданда очарчиликнинг энг юқори – бешинчи даражаси расман қайд этилди. Ер юзи бўйлаб очликдан қийналаётган аҳолининг қарийб учдан икки қисми Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Нигерия, Яман, Покистон каби ўн давлат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Жорий йил 47 мамлакатда яшовчи 266 миллион инсон ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келган. Айниқса, болалар орасидаги вазият ташвишли бўлиб, 35,5 миллион бола тўйиб мунтазам овқатланмасликдан жабрланмоқда. Уларнинг қарийб 10 миллиони оғир аҳволда. БМТ таснифига кўра, бешинчи босқичдаги ҳудудлар аҳолиси зудлик билан кўрсатилиши лозим бўлган халқаро гуманитар ёрдамга муҳтож ҳисобланади. Умуман, мазкур ҳисобот глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский