АР-РИЁЗ, 28 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодиржон Турғунов мамлакатнинг оммабоп кундалик босма нашрларидан бири – "Оказ" газетасига интервью берди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ушбу эксклюзив интервьюда элчи Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатларининг жадал тараққиёти, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Нодиржон Турғунов икки давлат етакчиларининг сиёсий иродаси ва дўстона мулоқотлари асносида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқалар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаган. Бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилдаги Саудия Арабистонига давлат ташрифи, 2023 йилда Жидда шаҳрида ўтказилган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи саммити, шунингдек, 2024 йилда Ар-Риёддаги Араб-Ислом саммитидаги иштироки муҳим аҳамият касб этди.
"2026 йилда Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" иккинчи саммитининг ўтказилиши ўзаро муносабатларда навбатдаги муҳим босқич бўлади. Бу саммит минтақавий мулоқотга янги суръат бағишлаш билан бирга, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлайди", – деган дипломатик ваколатхона раҳбари.
Интервьюда маданий ва гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган. Дипломатнинг айтишича, Ар-Риёзда муваффақиятли ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзига айланди. 2026 йилда Ўзбекистонда Саудия Арабистони маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз юритар экан, Нодиржон Турғунов сўнгги йилларда Саудия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 9 тадан 27 тага ошганини таъкидлаган. Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 27 миллиард АҚШ долларидан ошди. Шунингдек, жорий йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиётига 2 миллиард доллар миқдорида Саудия инвестициялари жалб қилинган.
Элчи октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Саудия Арабистони Ҳукуматлараро комиссияси ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларига ҳам тўхталиб ўтди. Мазкур тадбирлар доирасида энергетика, транспорт, сув таъминоти ва IТ соҳаларида янги келишувлар имзоланган. Унинг сўзларига кўра, айнан шундай учрашувлар икки давлат ҳамкорлигини сиёсий даражадан амалий, сезиларли иқтисодий натижаларга эришиш даражасига олиб чиқмоқда.
"Жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг намунаси Саудия инвесторлари иштирокида қиймати 2,5 миллиард доллар бўлган Тошкент халқаро аэропортининг янги мажмуасини қуриш лойиҳаси бўлади. Бу Ўзбекистон пойтахтини минтақанинг энг йирик авиация марказига айлантиради", – дейилган интервьюда.
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритилар экан, Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши фуқаролари учун 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режимнинг жорий этилиши Ўзбекистонга ташриф буюраётган саудиялик сайёҳлар сонининг кескин ўсишига хизмат қилгани қайд этилган.
"Ҳозирда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 60 дан ортиқ авиақатнов амалга оширилмоқда, шунингдек, Тошкент ва Ар-Риёз ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этмоқда", – деб қайд этган мамлакатимиз расмий вакили.
- Қўшилди: 28.10.2025
- Кўришлар: 247
- Чоп этиш
 Ўзбекча
 Ўзбекча English
 English Русский
 Русский 
                                